Жомбойда намунавий сайлов ўтказилди
Жомбой туманида йирик сиёсий жараён – Қонунчилик палатаси ва ҳудудий Кенгашлар депутатлигига сайлов учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Бугун енгил саноат касб-ҳунар коллежида жойлашган 289-сайлов участкасида намунавий тарзда амалий тренинг ўтказилди. Репетицион шаклда ташкил этилган тадбирда ҳудуд учун тайинланган тренер А.Тўғизбоев участка комиссияси раиси, ўринбосари ва аъзоларининг ваколатлари, сайловчилар, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар ҳуқуқи, мажбуриятлари ҳақида тушунча берди. Ҳудудларда сайловчилар рўйхатини шакллантириш, сайлов қонунчилигига қатъий амал қилиш, сайлов тарғиботи қоидалари каби масалалар муҳокама этилди.
Сайлов жараёни амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев ҳамда адлия бўлими бошлиғи П.Аҳмедов қатнашди.
- Сайлаш ҳуқуқи бу ҳар бир инсоннинг ўз иродасини эркин ифода этиш имконидир, - деди ҳоким. - Шундай экан, аҳолига тўғри тушунча беришимиз, ўз сиёсий истагини тўлқонли ифодалашига имкон яратишимиз зарур. Бу борада масъулиятни ўзимиздан бошлашимиз талаб этилади.
Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.