Жомбойда ўғирланган «Дамас» Ургут йўлида ЙТҲга учради
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида машина олиб қочилди. Бу ҳақда ИИВнинг «Постда» нашри маълум қилган.
Туманнинг Қорамўйин маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи В.Р. ҳар галгидек, кечқурун «Дамас» автомашинасини дарвозаси олдида қолдириб, уйига кириб кетади. Эгри ниятли кимсаларга эса автомобилнинг қаровсиз қолдирилгани қўл келади.
Эрталаб ташқарига чиққан В.Р. машинаси жойида йўқлигини кўриб, ички ишлар органига хабар берди.
Ўғирланган машинани ва бу қилмишни содир этган шахсни қидириб топиш бўйича ишлар кетаётган пайтда Ургут туманининг Омонқўтон қишлоғи ҳудудидан ўтувчи «Олмаота – Тошкент – Термиз» йўлининг 1071-километрида «Нексия» ва «Дамас» автомашиналари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушди.
Ўрганишлар натижасида ЙТҲда иштирок этган мазкур «Дамас» олиб қочилган автомашина бўлиб чиқди. Уни Булунғур тумани Зарафшон маҳалласида яшовчи О.Н. бошқариб кетаётган экан. У ўғриликда гумон қилиниб, қўлга олинди.