Жомбойдаги гилам ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди

Жомбой туманидаги гилам ишлаб чиқариш цехида ёнғин юз берди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча 14 ноябрь куни соат 14:53 да Жомбой тумани А.Қурбонов номли маҳалладаги саноат ҳудудида жойлашган “Рухшона Омад Текстильʼ” МЧЖга қарашли гилам ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:03 да етиб бориб, ёнғин соат 15:40 да қуршаб олинган ва соат 16:06 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида цехнинг тахминан 250-300 кв.м. майдондаги томи, шифти, калава ҳамда дастгоҳлари ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.