Жомбойлик болажонлар Янги йил тадбиридан бир олам завқ олди

Жомбой тумани марказий ўйингоҳида ўрнатилган муҳташам байрам арчаси бугун болажонларнинг шодон қувончига тўлди. Эртакмонанд безатилган майдонда Қорбобо ва Қорқиз иштирокида намойиш этилган театр томошаси тадбирнинг энг қизиқарли чиқишларидан бўлди.

– Қорбобо йўқолиб қолди...

Қизалоқнинг тилидан айтилган бу гап барчанинг эътиборини тортди. Даврага ўрмон ҳайвонлари чиқиб келишди. Болажонларга Янги йил хавф остида қолгани, агар ялмоғизнинг саволига жавоб топилмаса, Қорбобони қўйиб юбормаслигини айтишди.

– Хўш, дунёни нима қутқара олади?

– Эзгулик, билим, меҳр-оқибат!

Болажонлар баравар берган жавоблари ёзувлик устидан ғолиб келди.

Туман маданият бўлими хонандалари байрамона куй-қўшиқлар ижро этишди.

– Янги йил эзгулик байрами, – дейди туман маданият бўлими бошлиғи Ф.Зубайдуллаев. – Театр томошаси орқали болаларга бу ҳақида тушунча беришни ҳам мақсад қилгандик.

Хонандаларнинг байрамона куй-қўшиқлари тадбирга янада файз киритди.

Байрам тадбирида туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев сўзга чиқди ва болаларга “Президент совғаси”ни топширилди.

Шунингдек, байрам муносабати билан туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган болалар ҳолидан хабар олинди. Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан бемор болаларга совғалар улашилди.

Жомбой туман ҳокимлиги ахборот хизмати.