Жорий йил Самарқандга келаётган хорижлик сайёҳлар сонини 5 миллион, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 7,5 миллион нафарга етказиш кутилмоқда

Бунинг учун инвестиция дастури доирасида қиймати 2 триллион 63 миллиард 290 миллион сўмлик 30 та лойиҳа амалга оширилади. 

Шунингдек, 10 та меҳмонхона, 15 та овқатланиш ва дам олиш маскани, 3 та савдо ва кўнгилочар марказ, 2 та санаторий ва соғломлаштириш маркази ишга туширилиши режалаштирилган.

Ҳозирги кунда Самарқанд халқаро аэропортида ҳафтасига 141 та авиарейс амалга оширилмоқда. Ушбу аэропорт 2024 йилда 1 миллион 200 нафар кишига хизмат кўрсатган. Аслида унинг қуввати 8 миллион 600 нафар фуқарога хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, жорий йил Хитой, Эрон, Россия ва бошқа хорижий давлатларга яна 10 та авиарейс йўлга қуйилиши кўзда тутилган. 

Конигил ва Терсак маҳаллалари тажрибаси асосида туманлардаги 14 та ҳудудга “туризм қишлоғи” мақомини бериш режалаштирилган. Бу маҳаллаларда 309 та меҳмон уйлари, хостел, кемпинг, ўтов нуқталари, 138 та овқатланиш масканлари, 60 та савдо нуқталари, замонавий туристик хизматлар (ҳаво шарлари, параплан, осма дор йўли ва бошқалар) яратилади. Натижада 1520 та янги иш ўрни яратилиб, 13,2 миллиард сўм қўшимча солиқ тушуми таъминланади.

Мисол учун, Ургутнинг Чор чинор ва Омонқўтон, Нурободнинг Оқсой ва Нурбулоқ маҳаллаларида сайёҳликнинг турли йўналишларини ривожлантириш имкониятлари бор. Ҳозирги кунда бу маҳаллаларда 50 дан ортиқ уй-меҳмонхона ташкил этилган, мавсумда 60 мингдан ортиқ турист ташриф буюради.

Айни пайтда вилоятда энг йирик меҳмонхоналар 192 та, жойлаштириш воситалари 683 тани ташкил этади. Бу эса кунига 21,5 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконини беради. Жумладан, биргина Самарқанд халқаро туризм марказида шу йил давомида 10 дан зиёд халқаро тадбирлар ўтказилади. 

Хусусан, шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида илк бор Париждан бошқа шаҳарда, яъни Самарқандда ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси  ўтказилади. Унда 198 давлат вакиллари, соҳа мутахассислари қатнашади. Ҳозирда ушбу саммитга тайёргарлик кўриш ишлари доирасида хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, жумладан, гид-таржимонлар, экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар малакаси оширилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда ҳам туризм инфратузилмасини яхшилаш мақсадида янги лойиҳалар амалга оширилади. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, вилоятдаги сув иншоотлари ва улар атрофидан самарали фойдаланиш мақсадида Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Паст Дарғом туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтган Дарғом канали бўйида 35,7 километр масофада кўнгилочар савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан иборат туристик маршрут ташкил этилади.

Каналларда кўп функцияли кўприклар қурилиб, бу объектлардан хориждаги сингари савдо ва кўнгилочар масканлар сифатида фойдаланилади. Жорий йилда Нарпай каналининг Каттақўрғон шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида ташаббускор инвестор маблағлари ҳисобидан гастрономик кўприк мажмуасини қуриш режалаштирилган. Гастрономик кўприк туну кун фаолият кўрсатади ва унда енгил конструкцияли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

2025-2026 йилларда Ургут туманининг Чор чинор тоғли ҳудудида қиймати 25 миллион доллар бўлган замонавий дор йўли ва туризм мажмуаси қурилади. Шу билан бирга, Ургут туманининг Омонқўтон ва Қоратепа маҳаллаларида 50 гектар ҳамда Самарқанд туманининг Оҳалик, Оқбўйро ва Миронкўл маҳаллаларида 350 гектарда йирик туризм лойиҳалари амалга оширилади.

Туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида кенгаш ташкил этилган. Унда вилоят ҳокими бошчилигида тизимда фаолият олиб бораётган 55 нафар тадбиркор ва ташкилот раҳбарлари тизимда амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиб бормоқда.

Рустам Қобилов, вилоят ҳокимининг ўринбосари.