ЖССТ коронавируснинг оғир турини даволашда самара берадиган воситани маълум қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг оғир турини даволашда самара бериши мумкин бўлган воситани маълум қилди. Яъни, кортикостероид дексаметазон касалланганлар орасидаги ўлим ҳолатини камайтириш имконини беради. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
ЖССТ коронавируснинг оғир ва хавфли тури билан касалланган беморларни даволашда кортикостероидни қўллашни тавсия қилди. Шу билан бирга, ташкилот ушбу муолажа коронавируснинг енгил тури билан касалланган беморларни даволашда тўғри келмаслигини ҳам маълум қилди.
Жорий йилнинг март ойидан буён Буюк Британия шифохоналарида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Унда 11.5 минг бемор иштирок этмоқда. Ўтказилаётган тадқиқотлар ёрдамида мутахассислар коронавирусни даволашдаги турли методларнинг самаралилик даражасини аниқлайди. Кортикостероид дексаметазондан ташқари, беморларга азитромицин антибиотиги, иммунодепрессант тоцилизумаб ва гидроксихлорин воситалари берилмоқда.