ЖССТ мутахассислари Хитойга коронавирус манбасини қидириш учун боради
Бу ҳақда экспедиция иштирокчиси Фабиан Лендертц маълумотига асосланиб, Associated Press хабар берди.
Мутахассислар вирус дастлаб қайд этилган Уханга боришлари мумкин, деди у. ЖССТ миссиясининг мақсади эпидемия тарқалишида ким айбдор эканлигини аниқлаш эмас. Касаллик тарқалиши воқеасини бошидан ўрганиш ва келажакда пандемиялар олдини олиш учун ушбу маълумотдан қандай фойдаланиш мумкинлигини тадқиқ қилиш, дея тушунча берди олим.
Таъкидланишича, олимлар эпидемия бошланиши олдидан тўпланган намуналарни ўрганиб, вирус бутун Хитой бўйлаб тарқалмасдан олдин мавжуд бўлган-бўлмаганлигини аниқлашади. Шунингдек, мутахассислар Ухань шаҳрида коронавирус ҳайвондан одамга ўтиши мумкин бўлган денгиз маҳсулотлари бозорини текширишади.
Олдинроқ ЖССТ Буюк Британияда топилган мутацияланган САРС-CоВ-2 коронавирусининг янги тури ўта юқумли эканлигини маълум қилган эди. ЖССТнинг COVID-19 га қарши глобал кураш бўйича махсус вакили Дэвид Набарро эса «Бу штамм бошқалардан кўра хавфли эмас. Шунинг учун ҳам эпидемияга қарши курашнинг устувор йўналиши ва усулларида туб ўзгаришлар кутилмайди”, дея таъкидлади.