Жума – тадбиркорлар куни: 29 мурожаатнинг 25 таси учрашувгача ҳал этилди

Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбиркорларни қабул қилди.

Таъкидлаш лозимки, бу галги учрашувда қатнашиш учун ҳафта бошида тадбиркорлардан ер ажратиш, электр таъминоти, имтиёзли кредит, бўш турган бинодан фойдаланиш каби 29 та масалада мурожаат бўлган. Учрашувгача тегишли мутасаддилар 25 та масалани ҳал этган. Бугунги учрашувда муаммоси жойларда ҳал этилмаган 4 нафар тадбиркор вилоят ҳокимига мурожаат қилди.

Жумладан, Пахтачи туманидаги «Далер пласт» хусусий корхонаси раҳбари Жавлонбек Ортиқов тумандаги кичик саноат зонасида фаолият юритса-да электр таъминотида узилишлар бўлаётгани, оқибатда корхона тўла қувватда ишлай олмаётганини билдирди.

- Айни иш вақтида 4-5 соатлаб электр узилиши фақат бизга эмас, кичик саноат зонасидаги яна 3 та корхонанинг ҳам тўлиқ ишлашига тўсқинлик қилмоқда, - дейди Ж.Ортиқов. – Аслида кичик саноат зонаси учун бир ярим километрдан 10 кВ электр узатиш ҳаво тармоғини тортиш ва қуввати 630 кВа бўлган трансформатор ўрнатиш белгиланганди. Аммо ҳанузгача бу масала ҳал этилгани йўқ. Шу боис аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган электр тармоғидан фойдаланаётгандик. Бугунги қабулда вилоят ҳокимига ушбу масала юзасидан мурожаат қилгандим, муаммомиз мутахассислар иштирокида ўрганилиб, бир кунда ҳал этиладиган бўлди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.