Кадастр ва солиқ идорасидаги номутаносиблик туфайли 7,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланмаган
Молия бош бошқармаси томонидан кадастр, электр тармоқлари корхоналари, газ идоралари ва ФҲДЁ бўлимларидан тегишли маълумотлар олиниб, тадбиркорлик субъектларини солиқ идораларига тақдим этган маълумотлари билан солиштирилганда, 21,4 миллиард сўм қўшимча даромад манбалари мавжудлиги аниқланди.
Мисол учун, Паст Дарғом туманида 6,8 миллиард сўм, Каттақўрғон туманида 3,6 миллиард сўм, Пайариқ туманида 3,2 миллиард сўм, Жомбой туманида 1,8 миллиард сўм, Нарпай туманида 2,7 миллиард сўм ва Каттақўрғон шаҳрида 2,3 миллиард сўм ҳамда ҳудудларда фаолият олиб бораётган 132 та қурилиш корхоналарида ноқонуний ишлаб келаётган 980 нафар ишчи-хизматчилардан 1 миллиард сўм даромад солиғи қўшимча даромад манбаси аниқланди.
Бош бошқарма ҳудудий молия органлари билан биргаликда жисмоний шахсларга тегишли бўлган турар-жой объектлари қайта баҳоланганлиги ва солиқ идоралари томонидан солиқ манбаси сифатида қамраб олинганлиги таҳлил қилинганда, вилоят бўйича 751 228 та турар-жой объектидан 55 639 тасида турар-жой мулклари мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Бироқ ушбу ҳолатнинг хаққонийлиги маҳаллаларни жалб қилган ҳолда ўрганилганда, 12 272 тасида (22 фоиз) мулки мавжудлиги, шунингдек, молия бўлимлари томонидан жойига чиқиб танланма асосида ўрганилганда, 906 тасида мулк объектлари мавжудлиги аниқланди.
Бундан ташқари, 3275 ҳолатда юридик корхоналар томонидан ДСИларига тақдим этилган ҳисоботлар таҳлил қилинганда, 480 ҳолатда кадастр маълумоти билан солиқ тўловчилар ўртасида 481,1 гектар ер майдони кам кўрсатилганлиги, яъни ушбу ер майдони ДСИ базасига киритилмаганлиги оқибатида 7,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланмаган.