Калифорния губернатори нефть тўкилиши туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Оринж округи соҳилига йирик нефть тўкилиши туфайли аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Губернатор фармонига кўра, штат ҳукумати соҳил қўриқлаш хизмати ва маҳаллий агентликларга мадад сифатида нефтни тозалаш, балиқ ва ёввойи табиатни сақлаш учун фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассисларини юборади.

Катта миқдордаги нефть тўкилиши ҳақида 1 октябрь куни маълум бўлди. Los Angeles Times хабарига кўра, оқиш Калифорния штатининг Оринж округидаги Хантингтон -Бич соҳилидаги қувурда бошланган.

Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, Калифорния соҳиллари яқинидаги Тинч океани сувларида содир бўлган авария натижасида камида 126 минг галлон нефть (тахминан 477 минг литр) тўкилган, океанда 12 километр масофали нефть доғлари пайдо бўлган. Бу балиқ ва қушларни нобуд қилмоқда. Айни пайтда нефть маҳаллий экологик қўриқхонага кириб келди.