Давронбек Жуманиёзов: Карантиндаги фуқароларга четдан овқат киритилмайди
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовнинг таъкидлашича, коронавирус инфекцияси вилоятимизда тарқалишининг олдини олиш мақсадида жойларда карантин лагерлари ташкил этилиб, хорижда бўлиб қайтганлар ва улар билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролар устидан 14 кунлик тиббий назорат ўрнатилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2020 йилнинг 17 мартдаги “СOVID-19 коронавирус инфекциясининг Республика ҳудудида тарқалишининг олдини олиш, касалликни тўғри ташхислаш ва даволаш жараёнида профилактик чеклов тадбирларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, беморларни кўргани келган ва бошқа бегона шахсларнинг даволаш-профилактика муассасаларига кириши, беморларни ташхислаш-даволаш ишларига боғлиқ бўлмаган шахслар билан тўғридан-тўғри мулоқотлари тақиқланди.
Бироқ олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, кўп ҳолларда карантин лагерларидаги кузатув остидагилар ва тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг яқинлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиш ҳамда беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида карантин остидаги муассасаларга кириш учун ҳаракатлар содир бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда карантинда бўлган фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, уларни мунтазам озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилиб, аутсорсинг тизими орқали сифат талаблари ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар етказиб берилмоқда.
Шу сабаб, вилоятимиз фуқароларининг вирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қилинаётган саъй-ҳаракатларга риоя қилишлари, жамоат жойларига иложи борича чиқмаслик, ўз ҳаракатланишини кескин чеклашлари, асосийси, соғлиғи билан боғлиқ зарурат бўлмаган ҳолларда тиббиёт муассасаларига бормасликларини ҳамда барча белгиланган қоида ва чекловларга амал қилишга чақирамиз.
Унутманг, қариндошлар, дўстлар, ҳамкасблар ва бошқалар билан алоқаларни чеклаш вируснинг аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.