Картошкани зараркунандадан қандай асраш мумкин?

Жорий йилда Самарқанд вилоятининг бешта туманида ғалладан бўшайдиган майдонларда такрорий экин сифатида картошка етиштириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун мақбул майдонлар, мос келадиган навлар танланиб, картошкачилик йўналишида кластерлар ва кооперациялар ташкил қилинмоқда. Қолаверса, картошканинг истеъмол ва уруғлик учун супер элита, элита авлодларини ҳамда зараркунандалардан холи соғломлаштирилган маҳаллий навларини етиштиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Унгача хориждан келтириладиган уруғлик картошкани импорт қилишда уруғлик билан бирга турли касалликлар кириб келишининг олдини олиш учун вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутахассислари ҳам жиддий ёндашмоқда. Картошкага асосан Колорадо қўнғизи, картошка куяси, симқуртлар ва сохта симқуртлар, ширалар, оққанотлар, тамаки трипси, ўргимчак кана, ғовакловчи пашшалар, занг касали кучли зарар етказади. Биргина, Колорадо қўнғизи йилда 3-4 марта кўпаяди. Унга қарши курашишда Моспилан, Циракс, Регент, Адонис ва Конфифор ва бошқалардан пуркаш йўли билан зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашилмоқда ва деҳқонларимизга барча зарурий маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда.

Албатта, юқоридаги режага асосан картошкачилик тармоғида маҳсулот етиштириш ҳажмини бир неча баробарга ошириш режалаштирилган. Барча давлатларда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келаётган бугунги шароитда бизда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга, экспортни ошириш учун ҳам имкониятлар очиляпти.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби.