Каттакўрпанинг кичик муаммолари
Яқинда ижодий гуруҳимиз билан Каттақўрғон тумани Каттакўрпа маҳалласида бўлдик. Ҳудудда кейинги йилларда амалга оширилаётган ишларга, ўзгаришларга, шу билан бирга, аҳолини қийнаб келаётган айрим муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлдик.
Ободлик остонадан бошланади
Маҳалла марказига кириб борар эканмиз, асфальтланишга муҳтож йўлини ҳисобга олмаса, янги бунёд этилган бинолар, таъмирланаётган иморатлар, тартибга келтирилаётган томорқалар аҳолининг аҳиллиги, меҳнатсеварлиги, тадбиркорлигидан дарак бериб турарди.
- Ҳудудимизда 2 та қишлоқ бор, - деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Пўлат Салоҳиддинов. – Шунингдек, 2 та мактаб, 1 та давлат ва 2 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб боради. Аҳолимиз асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Ўтган йили томорқачилик йўналиши бўйича маҳалламиз туманда энг намунали деб топилди. 73 та ҳовлида иссиқхона қурилган. 18 хонадонда 1200 қути асалари парваришланмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғини 1968 йилда қурилган, деворлари чўпкари бўлган эски бинода фаолият кўрсатиб келяпти. Ҳовлидаги тозаликка эътиборсизлик бироз кўнгилни хира қилди, аммо мўъжазгина экин майдони тартибга келтириб қўйилгани, Каттакўрпа томорқачиликда намунали маҳалла эканлигидан дарак бериб турибди.
Бир ўринга икки бола
Кейинги манзилимиз 13-мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Боғча икки қаватли замонавий бинода фаолият олиб борар экан. Бу ерда болалар учун барча шароитлар яратилган. Бу яхши албатта, аммо бир кравотда 2 нафар боланинг ётиши бизни ажаблантирди. Тарбиячилар ҳам болаларга ноанъанавий усуллардан фойдаланиб таълим-тарбия бераркан.
- Боғча опамиз бизга эртакни телефондан қўйиб берадилар, - деди тарбияланувчилардан бири. – Ўзлари столда бир нималарни ёзиб ўтирадилар.
Ўйин майдончасидаги арғимчоқларнинг ўриндиқлари ҳам ачинарли аҳволда. Майдонча яқинида жойлашган хожатхонадан келаётган бадбўй ҳид ва уюлиб ётган чиқиндилар болалар саломатлигига таъсир қилмасмикан, деб ўйланиб қоласан киши.
- 2019 йил апрель ойида фойдаланишга топширилган мазкур бино 75 ўринга мўлжалланган, - дейди мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси Зулфия Баҳриева. – Аммо 150 нафар бола тарбияланади. Бундан ташқари, 2 та қисқа муддатли гуруҳ очилган. Чиқиндилар масаласига келсак, ҳар ҳафтада бир марта олиб кетиларди. Негадир икки ҳафтадан бери чиқинди ташувчи машина келмаяпти. Бу муаммони бугуноқ бартараф этамиз.
Маҳаллада тадбиркорлар сафи кенгаймоқда
Маҳалла марказида бунёд этилган савдо мажмуаси ва спорт майдончаси ўрни бир пайтлар қаровсиз, ташландиқ жой эди. Ёш тадбиркорлар томонидан ҳудуд обод этилиб, аҳоли учун қулайликлар яратилди.
- Бундан 4-5 йил аввал уч нафар ўғлим ишсиз эди, - дейди шу маҳаллада яшовчи Абдурауф Бобоқулов. – Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга, тадбиркорларга қаратилаётган эътибор сабаб уларнинг бандлиги таъминланди. Маҳалламизда бўш турган қаровсиз ер туман ҳокими қарори билан ажратилди ва фарзандларим банкдан кредит олиб, бу ерда ёшларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун замонавий футбол майдончаси ҳамда савдо маркази бунёд этди. Қишлоқларимиз кундан-кунга кўркамлашиб бормоқда. Маҳалламдаги 2 та жоме масжидда муқаддас Рамазон ойида таровеҳ намозларини ўқишимиз учун шароит яратилган. Бироқ, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Маҳалламизнинг бир қисми ичимлик суви билан таъминланиши, йўлларимиз таъмирланиши керак.
“Темир дафтар”да турган оилани кредит тўлови қийнаяпти
Маълумотларга кўра, маҳаллада 81 оила “Темир дафтар”га киритилган. Бугунги кунда уларнинг 78 таси оилавий шароити яхшиланган деб ҳисобланиб, рўйхатдан чиқарилган. Қолган 3 оила ҳам “Темир дафтар”дан чиқарилиши арафасида экан.
- Турмуш ўртоғим 2 йил аввал оғир хасталик билан оламдан ўтди, - дейди Камола Тўхтаева. – Бир ўғил ва бир қизим бор. Уларга боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа тўланади. Қизим хасталиги учун ногиронлик нафақасини ҳам оламан. Нолимайман, давлат томонидан ойига жами 1 миллион сўм бериляпти. Ўтган йили оиламиз “Темир дафтар”га киритилгандан кейин субсидия асосида бир сотихлик иссиқхона қуриб бериладиган бўлди. Хурсанд бўлиб, банкка ариза билан мурожаат қилдим. Аммо тушунмовчилик сабаб, кредит асосида икки сотихлик иссиқхона қуриб берилди. Бунинг асосий қарзи ва фоизлари борлигини қурувчилар келиб ишни бошлагандан кейин билдим. Иссиқхона август ойида қурилган бўлса, усти ноябрь ойига бориб ёпилди. Бу ерга эккан кўкатлар ҳам Янги йил байрамигача тайёр бўлмай, кўнгилдагидек даромад қилолмадим. Ҳозирги кунда кредитни қайтариш масаласи мени қийнаб келяпти.
Маҳаллада бўлганимизда ҳудуддаги мавжуд Каттакўрпа ва Кичиккўрпа қишлоқлари аҳолисининг ана шундай катта-кичик муаммолари ва муваффақиятларига гувоҳ бўлдик. Ютуқлар ўз йўлига, аммо одамларни қийнаётган масалаларга ечим топиш, бошқа шу каби муаммоларнинг олдини олиш масъулларнинг эътиборига боғлиқ!
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.