Каттақўрғон шаҳридаги 20 та ёнғинда фуқаролар 60 миллион 221 минг сўм зарар кўрган
Каттақўрғон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан Каттақўрғон шаҳридаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, бозорлар ва тиббиёт муассасаларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, унинг олдини олиш, бартараф қилиш тўғрисида тарғибот ишлари ва СЭОМ ходимлари билан ҳамкорликда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.
Олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, Каттақўрғон шаҳри ҳудудида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 20 та ёнғин содир бўлди. Ёнғинларнинг 1 таси давлат ташкилотида, 17 таси аҳоли яшаш хонадонларида, 2 таси эса автомашиналарда юз берган.
Ушбу ёнғинлар натижасида фуқароларга 60 миллион 221 минг сўм моддий зарар етган. Хусусан, 2020 йилнинг июнь ва июль ойларида автомашиналарда содир бўлган ёнғинлар автомашинани техник кўрикдан ўтказмаганлиги сабабли двигатель қисмидаги электр симларидаги қисқа туташув оқибатида содир бўлган.
Ҳайдар чаман маҳалласи Нуронийлар кўчасидаги хонадонлардан бирида газ ва ҳаво аралашмасининг қисқа муддатли чақнаши оқибатида содир бўлган ёнғинда яшаш уйининг 40 квадрат метр майдони ва уй жиҳозлари зарар кўрган.
О.МЎМИНОВА,
Каттақўрғон шаҳар ФВБ профилактика инспектори.