Каттақўрғон чеккасидаги эски мактаб қандай қилиб яхши натижаларга эришяпти?

Каттақўрғон шаҳри Ингичка шаҳарчаси аҳолисининг турмуш шароити анча оғир. Шундай бўлса-да, шаҳар марказидан 30 километр олисда жойлашган бу ҳудудда узоқ йиллардан бери яшаб, меҳнат қилиб келаётган фидойи инсонлар кўп. Улардан бири Наталья Петрова. У шаҳарчадаги 12-умумий ўрта таълим мактаби директори.

Мактаб биноси жуда эски, аммо...

Мазкур таълим муассасаси уч бинодан иборат бўлиб, улардан бири 1954 йилда қурилган.

- Бино эски бўлгани билан дарс жараёнлари учун қулай, етарлича имкониятлар бор, - дейди Н.Петрова. - Спорт зал иккинчи қаватда жойлашгани бироз ноқулайлик туғдиради. Аммо ҳожатхона, ювиниш ва кийиниш хоналари талаб даражасида эканлиги яхши. Синфхоналар кенг ва ёруғ. Муассасамизнинг икки биноси замонавий.

Бугунги кунда 720 ўринли мактабда 795 нафар бола таълим оляпти. Шу йил қўшимча бино қурилиши режалаштирилган. Бинода устахоналар, ошхона, 4 та синфхона бўлади. Ўқувчилар бир навбатда ўқийди. Тўгараклар учун имкониятлар кенгаяди.

Ўтган ўқув йилида мактабни 14 нафар йигит-қиз тамомлаб, уларнинг 6 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирган.

- Тўғри, мактаб битирувчиларининг барчаси ҳам олий маълумотли бўлолмаслиги мумкин, - дейди Наталья Николаевна. - Аммо ҳар бири мактабдан касб-ҳунарни ўрганиб кетиши керак. Янги бино бизга шундай имкониятни яратиб беради. Президент “Ҳар бир бола мактабга келиб, икки тил ва бир касбни ўрганиб чиқиши керак”,  деган. Бироқ биз буни ҳали эплолмаяпмиз.

Тўгараклар кимлар учун?

Мактабда ҳар бир фандан қўшимча тўгараклар ташкил қилинган. Масалан, бошланғич синф ўқитувчилари дарсларни яхши ўзлаштиролмаётган ўқувчилар учун алоҳида машғулотлар ўтади.

- Тўгаракларда ноодатий усуллардан фойдаланамиз, - дейди Хурсанд Каримова. – Жумладан, 1-синф ўқувчиларига махсус қўлланмалар асосида, ўйин тарзида мантиқий масалаларни, қизиқарли мисолларни осонлик билан ечишни ўргатамиз ва бу яхши натижа беряпти.

Ота-оналар миннатдор

Шаҳарчада яшовчи ота-оналар фарзандларининг ушбу масканда таълим олаётганидан хурсанд.

- Ўзим ҳам шу мактабда ўқиганман, - дейди Нафиса Ҳакимова. – Бугунги кунда фарзандларим ҳам менга таълим берган устозлар қўлида тарбияланяпти. Наталья Николаевна раҳбарлик қилаётган ушбу таълим муассасасида ҳар бир ўқитувчи ўз устида ишлайди, уларнинг ота-оналар ва маҳалла билан ҳамкорлиги жуда яхши.

Ингичкадан чиққан чемпион

Мактабнинг спорт залида ҳам етарлича шароитлар яратилган. Шунинг учун бўлса керак ўқувчилар орасидан республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари етишиб чиқяпти.

- Икки йилдан бери спортнинг ўзбек жанг санъати тури билан шуғулланиб келаман, - дейди 8-синф ўқувчиси Маржона Исабоева. – Қисқа вақт ичида кўпгина мусобақаларга қатнашиб, бир қанча медалларни қўлга киритдим.  Икки марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгалладим. Мақсадим - жаҳон чемпиони бўлиш.

Ўқитувчи дарсни сифатли ўтса, ўтмаса ойлик олади. Нега?

1991 йилдан бери мактабда раҳбарлик қилиб келаётган Наталья Петрова кўп йиллик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида кўзланган натижага эришиш осон бўлмаслигини, сифат ва самарадорлик учун нималар қилиш лозимлиги бўйича ўз таклифлари борлигини айтди.

- Давлатимиз раҳбари айтганидек, репетитор бир йил ўқитади, мактаб ўқитувчилари эса 11 йил, - дейди у. – Бугунги кундаги натижа ҳаммага маълум. Яхши дарс ўтолмайдиган репетиторга ўқувчи бормайди. Демак, унинг пулиям бўлмайди. Мактаб ўқитувчиси-чи? Келади, кетади, соат ўтади, чорак ўтади, йил ўтади. Дарс ўтса-ўтмаса унинг ишончли ойлиги бор. Ишга меҳримизни ўзгартиришимиз керак. Катта мақсад қўйиш керак ва йил охирида бунга албатта эришиш керак. Ўқитувчининг ишини баҳолаб бориш, мониторинг қилиш лозим. Тез-тез, вақти-вақти билан уларни синовдан ўтказиб туриш керак. Ёзма иш, тест топшириб туриши керак. Буни албатта, мактаб раҳбарлари ўз назоратига олиши зарур. Авваллари, ўқитувчилар “конспект” ёзарди. Ҳозир йўқ. Бу яхши, аммо у мактабга қуруқ қўл билан келиши ҳам нотўғри. Режасиз, кўргазмали қуролсиз келган ўқитувчининг дарси ҳам ғарибона бўлади. Ҳар бир дарс учун ҳеч бўлмаса, тезис, алоҳида қисқа режа бўлиши керак.

Мактаб фақат ўзбек синфларидан иборат. Аммо дарс ва дарсдан кейинги машғулотларда ўқувчилар чет тилларни ҳам пухта ўрганишга ҳаракат қиляпти.  Наталья Петрова билдирган таклифларини ўзи раҳбарлик қилаётган мазкур таълим муассасасида қўллаб кўряпти ва бу ўз самарасини бермоқда.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (сурат).