Каттақўрғон шаҳрида «Эзгулик элчилари» номли хайрия гуруҳи ташкил этилди

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги раҳбарлигида шаҳардаги мавжуд маҳаллаларнинг кам таъминланган хонадонларига тадбиркорлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ниқоб ва шахсий гигиена воситалари бепул тарқатилди.

Г.Алимова Ермачит, Оқолтин, Навбаҳор маҳаллаларида бўлиб, ҳамшаҳарларимиз ҳолидан хабар олди.

- Каттақўрғон шаҳрида коронавирус пандемияси сабаб карантин эълон қилингач,  озиқ-овқат маҳсулотлари нархида сунъий ўзгариш пайдо бўлди. Шундай кунларда ҳамшаҳарларимизга оз бўлса-да, кўмак бериш мақсадида меҳр-мурувват акциясини бошладик, - дейди «Самкат оазиз дурдонаси” МЧЖ раҳбари Э.Қўчқоров.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида “Эзгулик элчилари” номли кўнгиллилардан иборат телеграм гуруҳи ташкил этилди.

Улар орасида каттақўрғонлик тадбиркорлар, шижоатли ёшлар сони ошиб бораётир. Ҳоким волонтёр ёшларга миннатдорчилик билдирди.

“Эзгулик элчилари” гуруҳи етакчилари маҳаллама-маҳалла юриб, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари - гўшт, ёғ, ун, гуруч, шакар ҳамда тиббий ниқоблар тарқатмоқда.

Савоб ишлар ҳафта мобайнида давом этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.