Каттақўрғон туманидаги қирғоқбўйи ерлар кимники?

Шу йил 28 март куни вилоят ҳокимининг Каттақўрғон туманида ўтказилган сайёр қабулида шу туманнинг Найман маҳалласида яшовчи Ботир Элмуродов ер муаммоси бўйича мурожаат қилди.

– 2009 йилдан буён Оқдарё дарёси қирғоқбўйи минтақасидаги муҳофаза зонасининг Элмурод Қурбонов номли массивидаги 1,2 гектар ер майдонидан Зарафшон магистрал тизими бошқармаси билан тузилган шартнома асосида фойдаланиб келяпман, – дейди Б.Элмуродов. - Ўтган йиллар давомида дарё қирғоғи емирилишининг олдини олиш мақсадида ўзимга тегишли бўлган ҳудуднинг сув ёқасини тупроқ билан тўсиб чиқдим ва атрофига тол, терак экдим. Текисланган ерга қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириб келяпман ва етиштирган маҳсулотимнинг бир қисмини шартномага асосан Зарафшон магистрал тизими бошқармасига етказиб беряпман. Муаммо шундаки, яқинда туманимизда фаолият юритаётган «Кумуш тола» хусусий корхонаси ходимлари келиб «Бу ерда тут плантацияси ташкил қиламиз. Қўлимизда туман ҳокимининг қарори бор. Хоҳласангиз биз билан шартнома асосида ишланг. Кўчатни етказиб берамиз, экиб, бизга бир йилда икки марта тут барги етиштириб берсангиз, бас», дейишди. Табиийки, кўнмадим. Чунки бу ердан фойдаланаётганим боис Зарафшон магистрал тизими бошқармасига маҳсулот беряпман. Энди нега тут экиб, уларга барг етказиб беришим керак, унда бу ердан қанча фойда оламан? Ахир, оиламни шу ердан олаётган даромадим эвазига тебратяпман. Шу масалада вилоят ҳокимидан кўмак сўрадим.

Фуқаро мурожаатини жойида ўрганиш мақсадида Зарафшон магистрал тизими бошқармасига қарашли Қуйи Зарафшон тизими, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими каби масалага мутасадди идора вакиллари билан бирга Элмурод Қурбонов номли массивда бўлдик. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, ҳақиқатан ҳам Б.Элмуродов Зарафшон магистрал тизими бошқармаси билан шартнома асосида Оқдарё қирғоқбўйи минтақасидаги 1,2 гектар майдондан фойдаланиб келмоқда. Дарё ёқасини тупроқ билан тўсиб чиққани, 0,50 гектар ерга тол, терак ва бутали дарахтлар эккани рост. Бироқ шартномада 0,70 гектар майдонда толзор ва теракзор барпо этиш белгиланган, шунингдек, 2018 йилда қолган 0,50 гектар ерга шартномада кўрсатилган қишлоқ хўжалиги экинларини экмаган, 2019 йил учун Зарафшон магистрал тизими бошқармаси билан шартнома тузмаган.

- 2017 йилда шартномага кўра ижарага берувчи ташкилотга 720 килограмм мош, шунингдек, улар рухсати билан пахта теришга ҳашарга келган ишчиларга зарур шароит яратиш мақсадида ҳомийлик асосида 250 дона тол етказиб бердим, - дея изоҳлайди Б.Элмуродов. – 2017 йилнинг кузи ва 2018 йилда «Шуҳрат Раҳмон тераклари» фермер хўжалиги билан судлашганим оқибатида ерга экин эколмадим. Бу йил эса тутзор барпо этилиши ҳақида эшитиб, ҳалигача қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш бўйича шартнома тузмадим. Вилоят ҳокимига мурожаат қилишимнинг сабаби ҳам шунда: ё Зарафшон магистрал тизими бошқармаси билан, ё «Кумуш тола» корхонаси билан шартнома тузиб, ишлашим керак.

Бу гапдан англадикки, ушбу ҳудудда ер майдони билан боғлиқ бошқа муаммо ҳам бор. Бу масалада фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди иш юритган ва ўз қарорини чиқарган. Демак, туман ҳокимининг 2019 йил 4 февралдаги «Тумандаги «Кумуш тола» хусусий корхонасига 104,1 гектар ер майдони қўшиб бериш тўғрисида»ги 403-Қ-сонли қарори туманда пилла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, бу маҳсулот экспорти салоҳиятини ошириш, шу мақсадда интенсив тутзорлар барпо этиш билан бирга юқоридаги каби муаммоларга барҳам беришни кўзда тутади. Яъни, туманнинг бошқа ҳудудларидан ташқари Элмурод Қурбонов номли массивнинг 72-, 74- ва 87-контуридаги мавжуд 4,3 гектар мелиоратив ерларда тутзорлар барпо этиш дарё бўйидаги ер майдонлари учун тортишаётган фуқаролар муаммосига ечим бўлиши керак. Бу яхши. Аммо қирғоқбўйи минтақаси муҳофазаси ерлари чегараси масаласи нима бўлади?

Баҳслашувлардан хулоса шу бўлдики, дарё ёқасида жойлашган Б.Элмуродовга тегишли қирғоқбўйи ер майдонини ўлчаш керак. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарорига асосан Оқдарё дарёсининг қирғоқбўйи минтақасидаги муҳофаза ер майдони оралиғи 50 метр этиб белгиланган. Б.Элмуродов эгаллаб турган ер майдони эса кўпроқ.

- Бу хулосага розиман, - деди Б.Элмуродов. – Агар мавжуд 1,2 гектар ер майдонининг қанчаси сув хўжалигига, қанчаси туман ҳокимлиги захирасидаги мелиоратив ерга тегишли бўлса, шу ер майдони асосида улар билан алоҳида шартнома тузиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва тут кўчати етиштираман.

Мантиқан масалага ечим топилди-ю ерни ўлчашнинг имкони топилмади. Сабаб – сурункали ёққан ёмғир оқибатида дарё ёқасини сув босган, катта майдон ботқоққа айланган.

Хўп, бугун бўлмаса, эрта ё индин ер ўлчанар, мурожаатчининг масаласи ҳал этилар. Аммо савол туғилади: Б.Элмуродов шу пайтгача фойдаланиб келган ер майдони белгиланганидан кўп чиқса, ўн йил давомида ортиқча ерни эгаллаб, фойдаланиб келгани учун ким жавоб беради? Нега шу пайтгача қирғоқбўйи минтақаси ерлари ундан фойдаланувчиларга аниқ ўлчаб берилмаган? Қолаверса, айни пайтда сел оқибатлари туфайли дарё қирғоғидан 50 метр у ёқда турсин 100 метр масофада ҳам тутзор барпо этиш, ундан маҳсулот олишнинг имкони йўқ. Бу масала қандай ечим топади? Гап ана шунда.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

«Зарафшон» мухбири.