Каттақўрғон ва Паст Дарғомда 516 мурожаат қайд этилди

Хабар берганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан оммавий қабуллар ўтказилмоқда.
Кеча Паст Дарғом тумани ва Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган қабулларда олти туман, шаҳар аҳолиси суд-ҳуқуқ масалалар юзасидан Олий суд, Судьялар Олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Президент Халқ қабулхоналари, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбар-ходимларига мурожаат қилди.
Паст Дарғом тумани Парча чандир маҳалласида яшовчи Н.Рўзимаматов васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судьяларга мурожаат қилди. Фуқаронинг даъво аризаси қабул қилиниб, тегишли судда кўриб чиқиладиган бўлди.
Нуробод тумани Нурбулоқ маҳалласидан А.Мингбоева ҳамда К.Жониева ноқонуний равишда ишдан бўшатилганини маълум қилиб, ишга тиклашда ёрдам сўради. Бу фуқаролардан иши кассация шикояти қабул қилинди.
Оммавий қабуллар давомида сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Жумладан, Каттақўрғон тумани Мўминхўжа маҳалласида яшовчи А.Ўроқов қилган қилмишидан тўғри хулоса чиқарганини билдириб, суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан илгари озод қилишни сўради. Фуқаронинг мурожаати сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, жазодан шартли озод қилинди.
Пахтачи туманида яшовчи Н.Бердиев, Ж.Файзуллаев, Ш.Тошмуродов, Ш.Қодиров озодликни чеклаш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Умуман, кеча икки ҳудудда ўтказилган оммавий қабулларда юридик ва жисмоний шахсларнинг 516 та мурожаати қайд этилди.
– Мурожаатларнинг 143 таси жиноят ишларига, 40 таси маъмурий ҳуқуқбузарликлар, 282 таси фуқаролик, 19 таси иқтисодий ишлар, 32 таси оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишларга оид бўлди, – дейди Самарқанд вилояти судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи С.Набиев. – 35 нафар судланувчига нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. 21 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси ҳамда 271-модда 11-банди қўлланилиб, улар билан боғлиқ ишлар тугутилди. 63 нафар фуқаронинг фуқаролик ишларига оид даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилинди.
Бундан ташқари, 34 та фуқарога алимент ундириб берилди. 6 нафар мурожаатчининг пенсия таъминоти билан боғлиқ низолари ҳал этилди. 16 ҳолатда иш ҳақи ундириш ҳақидаги аризалар қаноатлантирилди.
Қабуллар жараёнида 56 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектининг кассация шикоятлари Олий судда кўриш учун қабул қилинди.
Оммавий қабул бугун Ургут туманида давом этмоқда.