Каттақўрғонда ёзда ҳам қулупнай терса бўлади
Икки йил олдин Каттақўрғон туманида “Шарқ саноат” концерни билан ҳамкорликда ин-витро лабораториясида кўпайтирилган қулупнайнинг “Зенга-зенгана” навидан 820 минг туп келтириб экилган эди.
Ўтган йил кузида ундан олинган 5 миллион туп қулупнай кўчати фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига тарқатилди.
– Ушбу янги нав меваси хуштаъмлиги, 7-10 кунгача, совуткичли омборларда эса 20 кунгача сақлаш мумкинлиги билан аҳолига манзур бўлди, – дейди “Kattaqorgon klubnika” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари М.Мавлонов. – Ҳар бир туп қулупнай кўчатидан 1–1,5 килограмм, гектаридан 40 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Яна бир афзаллиги, бу навдан йилига икки марта ҳосил беради. Келгусида ушбу маҳсулотни ички бозор билан бирга хорижга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.
Бу йил тумандаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 1000 гектар ерда қулупнай экиш режалаштирилган. Жумладан, 500 гектар майдон томчилатиб суғориш технологиялари асосида экилади. Айни пайтда туманда бу жараён давом этмоқда ва каттақўрғонлик деҳқонларга Украинадан келган мутахассис ўз тажрибаларини ўргатмоқда. Ҳозир экилган кўчатлар келгуси йил баҳоридан ҳосилга киради.