“Қулупнайнинг килограмини 250 минг сўмдан сотдим”
Жомбой тумани Ҳалвойи маҳалласида яшовчи Шарофат Бобоназарова оддий қишлоқ аёли. 3 нафар фарзанди бор. Бола тарбияси, рўзғор юмушларидан ортиб, томорқасида меҳнат қилади.
Ҳовлисида 3 сотихли иссиқхона бунёд этилган бўлиб, бу ерда асосан қишда қулупнай етиштирилади. Томорқадаги оғирроқ юмушларни турмуш ўртоғи ишидан бўш вақтларида бажариб беради. Экинлар парвариши, ҳосилни йиғиш ва сотиш ишлари билан Шарофат опанинг ўзи шуғулланади.
- Дастлаб, бу ерда беш йил давомида лимон етиштирганмиз, - дейди у. – Ўтган йили иссиқхонада етиштирилган қулупнай ҳосилидан яхшигина даромад қилиш мумкинлигини билиб қолдим. Август ойида турмуш ўртоғим Тошкентдан 2 минг туп кўчат келтириб, экиб берди. Кўчатлар ноябрь ойидан бошлаб ҳосилга кира бошлади. 4 ойдан бери кунига 4-5 килограмм қулупнай териб, сотяпман. Мижозлар уйдан келиб олиб кетишяпти. Янги йил байрами арафасида қулупнайни ҳорижга экспорт қиладиган тадбиркорлар 3-4 кунда бир келиб, килограмини 250 минг сўмдан сотиб олиб кетишди. Бугунги кунда килосини 120 минг сўмдан сотяпман. Қиш ойларида ҳам шу ҳовлидан чиқмай томорқадан ойига ўртача 10 миллион сўм даромад қилаётганимдан хурсандман. Бирор жойда ишлаш имкониятим йўқ. Сабаби, ногиронлиги бўлган қизимнинг қаровчисиман ҳам.
Шарофат опанинг иссиқхонаси табиий йўл билан иситилади. Кўчатлар фақат маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилади ва шунинг учун бўлса керак, бу ерда етиштирилган қулупнай жуда мазали.
- Иссиқхонамиз ердан уч метр чуқурликда жойлашган, - дейди Ш.Бобоназарова. – Устига икки қават плёнка тортилган. Бу экин кўп сув талаб қилади. Сувни тежаш мақсадида ҳам томчилатиб суғориш усулидан фойдаланамиз ва бу яхши натижа беряпти. Маҳалламизда ҳали ҳеч ким иссиқхонада қулупнай етиштирмаган эди. Биз бошлаб беряпмиз. Бошқалар ҳам ўрганиши учун маҳалла фаоллари ташаббуси билан томорқамизда амалий семинарлар ташкил этяпти. Қўлимдан келганча қўни-қўшниларимга ўргатишга ҳаракат қиляпман. Қишлоғимизда қишда қулупнай етиштиришни кенгайтирсак, хорижга экспорт қиладиган тадбиркор мижозлар учун ҳам яхши бўларди. Сабаби, уларга ҳам бир қишлоқдан бир маҳсулотни йиғиб олиб кетиш анча қулай.
Шунингдек, иссиқхонадан ташқари 2 сотихлик томорқада узумнинг харидоргир навлари етиштирилади. Хонадон эгалари бу ерда етиштирилган майизнинг килограмини 200-250 минг сўмдан сотар экан.
Эъзоза МЕЙЛИЕВА,
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).