Ўзбекистонда қорағат ва қулупнайнинг янги навлари яратилди

Ўрганиш натижаларига кўра, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти олимлари олтин смородинанинг учта янги нави: “Ўзбек ширинлиги”, “Ойдин” ва “Ёдгор” патент олинди.

Ўзбекистонда биринчи марта Р.Шредер номидаги мевачилик ва резавор мевачилик институтида олимлар Сиюм Ягудина ва Равшан Aбдуллаевлар томонидан қорағатнинг янги навларини яратиш устида иш бошланган.

Олтинсимон қорағатнинг янги яратилган навлари орасида “Сиюма”, “Ирода”, “Рухшона”, “Олтиной”, “Дўстлик”, “Гулноза”, “Эликсир” каби навлари бор. Бу навлар барча ҳудудларда етиштириш учун Давлат реестрига киритилган.

Шунингдек, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида олиб борилган илмий изланишлар натижасида қулупнайнинг учта янги нави етиштирилди.

Иссиқхона ва очиқ майдонда етиштиришга мўлжалланган “Дилдор” нави йилига 5-6 ойлик ҳосил беради. Ҳаттоки, иссиқ ёз кунларига яхши тоқат қилади. Шунингдек, "Камола" ва "Дилноз" навлари йилига бир марта ҳосил беради ва очиқ ерга етиштириш учун мўлжалланган. Қайд этилишича, айни пайтда бу навларнинг кўчатлари етиштирилмоқда.

Мамлакатда қулупнайнинг “Узбекистанская”, “Cулвер”, “Ташкентская”, “Муто” (Қрим), “Зенга-Зенгана”, “Мисс Узбекистан”, “Беаутифул”, “Редгоунтлет”, "Кобра" ва "Медвей" каби навлари ўсади.

Тошкент, Наманган, Aндижон, Фарғона, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида қулупнай плантациялари ташкил этилди.