Қишда қулупнай пишди:  Бир сотих ердан 30 миллион сўм даромад

Каттақўрғон туманида қулупнай етиштириш бўйича бой тажриба тўпланган. Авваллари ҳудудда йилда бир марта, фақат баҳорда ҳосил олинган. Кейинги йилларда деҳқонлар қулупнайнинг янги навларини парваришлаб, кузда ҳам ҳосил ола бошлади.

Бугунги кунда эса туман аҳолиси томорқада қишда ҳам қулупнай етиштириш мумкинлигини исботлади.

Туманнинг энг чекка ҳудуди -  Вайрот маҳалласида яшовчи Мустафо Мусаевнинг томорқа майдони 6 сотих. Бу ердан у унумли фойдаланишга ҳаракат қилади.

- Ўттиз йил қишлоқ хўжалик соҳасида меҳнат қилиб пенсияга чиққанман, - дейди у. – Бекор ўтирмасдан, ижтимоий тармоқлар орқали Корея технологияси асосида қулупнай етиштириш сирларини ўргандим. Ўтган йил сентябрь ойида бир сотих майдонда иссиқхона қурдирдим. Гидропоника усулида қулупнай етиштиришни мақсад қилдим. Бугунги кунда икки қаватда 2 минг туп қулупнай кўчатини парваришлаяпман. Улар гулга кириб, тугишга ўтди. Юқори қаватдаги қулупнайлар пиша бошлади. Ҳосилни февраль ойида бозорга чиқаришни ният қилганман.

- Иссиқхонада қулупнай етиштириш анча қулай экан, - дейди хонадон бекаси Дилбар Раҳмонова. – Ташқарида ерда экилган қулупнайга ишлов бериш бир қатор қийинчиликларни туғдирарди. Намга тегиб туриши натижасида ҳосилнинг бир қисми чириб кетарди. Бундан ташқари, соғлигимизга ҳам зиён эди. Оёғимиздан зах ўтарди. Иссиқхонада эса бу муаммолар йўқ, қулупнай кўчатлари орасида бирорта бегона ўт ўсмайди.

Улар 3-4 сотих ерда етиштириладиган маҳсулотни бир сотихлик иссиқхонада парваришламоқда. Ҳозирги кунда икки қаватда қулупнай етиштираётган бўлса, ундан кўчат олиб, яна бир қаватга кўпайтиришни ният қилган.

- Иссиқхонанинг еридан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди М.Мусаев. – Бу ерда турли хил кўкатлар етиштириб, Янги йил байрами олдидан бозорга чиқардик. Масалан, кўкпиёзнинг бир тупини 100 сўмдан сотдик ва 2 миллион сўмга яқин даромад қилдик. Ундан яна ҳосил олишда давом этяпмиз. Бўшаган ерга эса бошқа хил кўкатлар уруғини қадаяпмиз.

М.Мусаев бир сотих иссиқхонадан йилига 50 миллион сўмгача даромад олишни кўзлаяпти. Шу мақсадга эришилса у қўшимча ерда тадбиркорликни бошлаш истагида.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.