Каттақўрғонлик мудира ноқонуний хатти-ҳаракатларини муассаса вазирлик тасарруфига ўтган давргача содир этган
Жорий йилнинг 3 сентябрь куни “Zarnews” сайтида “Каттақўрғондаги боғчада 900 миллион сўм миқдорида ноқонуний харажатларга йўл қўйилгани аниқланди” номли танқидий мақола эълон қилинганди.
Мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат бўлими томонидан Каттақўрғон шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 10-давлат махсус мактабгача таълим ташкилотининг 2014-2019 йиллардаги фаолияти юзасидан танлов усулида ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш якуни билан ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилган.
Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши юзасидан ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, 10-давлат махсус мактабгача таълим ташкилотининг собиқ мудираси фаолияти давомида иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни қасддан нобуд қилиш ёки яшириш, одил судловга қарши жиноятлар туркумига кирувчи ёлғон гувоҳлик бериш каби таснифланиши жиҳатидан оғир турдаги жиноятларни содир этган. Яъни, мудира 922.924.130 сўмлик жуда кўп миқдордаги бюджет пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб, давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига иқтисодий зарар етказган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди ва 238-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилиниб, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига оширилган. Ҳозирда мазкур ҳолат суд жараёнида.
Таъкидлаш жоизки, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари мактабгача таълим ташкилоти юридик мақомга ва мустақил балансга эга бўлган вақтда, яъни Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфига ўтган давргача содир этилган.
Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.