Келгуси йилда Самарқанд вилоятининг 282 та умумий ўрта таълим мактаблари аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади

Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида “Умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Семинар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Р.Юлдашев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, халқ таълими тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини оширишда қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида фикр билдиришди.

Таъкидландики, таълим сифатини ошириш, ўқитувчининг салоҳияти, ўқувчи таълим-тарбиясига муносиб баҳо беришнинг муҳим амалиётларидан бири бу ташкил этиладиган аттестациялардир. Дарҳақиқат, ушбу йўналишда қонунчиликка мувофиқ амалга оширилган муҳим ўзгаришларни ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ўтиш даврийлиги 9 йилдан 5 йилга, аттестация давомийлиги эса 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди. Шунингдек, мактабларни 2020-2024 йилларда аттестациядан ўтказиш графиги тасдиқланиб, аттестациядан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди.

- Эндиликда аттестация комиссияси туман ёки шаҳар ҳокимлиги томонидан эмас, балки бевосита туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан белгиланади, - деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Р.Юлдашев. - Белгилаб қўйилганидек, 2020 йилда Республика бўйича 2514 та, вилоятимиз бўйича эса 282 та умумий ўрта таълим мактаблари аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади.

Ўқув-семинарда айтилган масалалар, илгари сурилган таклиф ва тавсияларни вилоят халқ таълими муассасалари ўқитувчиларига етказиш мақсадида жорий йилнинг 7-8-9 ноябрь кунлари туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари, умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирларини ташкил этиш белгиланди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.