Кечки ва эрталабки бадантарбия машғулотлари нима беради?

Шаҳарлар, туман марказларида пиёда ва велосипедда ҳаракатланиш учун йўлаклар барпо этиляпти. Айниқса, кўп қаватли уйлар атрофида замонавий спорт майдончалари бунёд этилиши халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган хайрли ишлардан ҳисобланади.

Хўш, бугун бу имкониятлардан одамлар қай даражада фойдаланяпти? Улар ўз саломатлиги учун қайғуряптими? Кечки овқатдан кейин пиёда юриш, эрта тонгда бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиш инсон саломатлиги учун фойдали эканлигини англаб етяптими? Ана шу саволларга жавоб излаб Самарқанд шаҳридаги айрим спорт майдончалари, кўча ва хиёбонларда бўлдик, юртдошларимизнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Ҳар куни кечки овқатдан кейин пиёда юраман, “Workout” майдончаларида машқ қиламан, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. – Спорт саломатлик гарови эканлиги ҳақида кўп гапирилади. Буюк ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар спорт билан шуғулланган ёки аксинча, таниқли спортчилар санъат ва адабиётга ошно бўлган. Бежизгамас, улар моҳиятни англаб етган. Одамларни спортга жалб этиш учун бутун жамоатчилик бирлашиши керак. Тўғри, бугун кўп қаватли уйлар атрофида спорт майдончалари бунёд этиляпти, аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, айрим тадбиркорлар аввал мавжуд бўлган болалар ўйингоҳлари ва спорт майдончалари ўрнида кўп қаватли уйлар қурди. Ҳалиям бир озгина бўш жойни кўрса, уй қуришга қизиқаётганлар топилади. Улар уй ёки ресторанлар ўрнига спорт мажмуалари барпо этса миллат саломатлигининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшган бўларди.

Эрта тонгда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва боғ ҳудудида ташкил этилган “Workout” майдончасида бўлдик.

- Ҳар куни эрталаб курсдошларим билан Университет хиёбони ва истироҳат боғи бўйлаб югурамиз, - дейди Самарқанд давлат университети талабаси Тоштемир Абдураҳмонов. – Боғда жойлашган спорт майдончасида бадантарбия машқларини бажарамиз. Тенгдошларимниям таклиф қиламан.

Бу ерда эрталабки бадантарбия машғулотлари билан шуғулланаётганларнинг аксарияти катта ёшлилар.

- Ҳар куни тонгда 2 соат юриб, югуриб, 7 километр масофани босиб ўтаман, - дейди фахрий спортчи Карим Эшниёзов. – Спорт майдончасида шуғулланаман. Бу ерда танишларимни учратаман. Бир-биримизга хайрли тонг тилаб, кунни яхши кайфият билан бошлаймиз.

- Ёшим 67 да, - дейди Панжоб маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Мамаризо Тойиров. – 10 йилдан бери ҳар тонгда тенгдош қўшниларим билан истироҳат боғида пиёда юрамиз. Шунинг учун бўлса керак ўзимизни доим тетик ҳис қиламиз.

Ана шундай нуронийлардан, шижоатли спортсевар ёшлардан ўрнак олиб, кечки ва эрталабки бадантарбия машғулотлари билан шуғулланишни одатга айлантирсак ҳам жисмонан, ҳам руҳан тетик бўлишимиз шубҳасиз!

Жасурбек ШУКУРОВ, Тўлқин СИДДИҚОВ, Бахтиёр МУСТАНОВ.