"Ким кашф этмиш Ўзбекистонни?.."

9 май - Хотира ва қадрлаш куни олдидан самарқандлик ижодкорлардан айримларини эслаётганимиз кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Бугун таниқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти лауреати Барот Бойқобиловнинг хотирасини ёд оламиз.

Барот Бойқобилов 1937 йил 14 мартда Ургут туманидаги Кенагас қишлоғида туғилган. СамДУ филология факультетида таҳсил олган.
Ўзбекистон давлат бадиий адабиёт нашриёти, ёшлар газетаси, болалар адабиёти нашриётида муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, «Мулоқот» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

«Самарқанд сатрлари», «Висол», «Сени излайман», «Самарқанд ушшоғи», «Афросиёб», «Сонетлар», «Ким сокин яшайди Ўзбекистонда» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.
Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Шукуҳли карвон», «Нотинч Хуросон», «Сокин Хуросон» ва «Қонли Хуросон», «Ҳайрат ул-Аброр» достонларидан иборат «Янги Хамса» ва «Ўзбекнома» шеърий романлари бор.

2006 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Қуйида шоирнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.

***

МEН СEНИ СОҒИНДИМ

Ким кашф этмиш Ўзбекистонни,
Қайдан пайдо бўлмиш бу диёр?
Шарққа маёқ бундай маконни
Яратгандир қайси бунёдкор?

Ким кашф этмиш Ўзбекистонни,
Қайдан пайдо бўлмиш бу диёр?
Шарққа маёқ бундай маконни
Яратгандир қайси бунёдкор?

Боши узра кулган осмонни
Ким айламиш тонгдек беғубор?
Мафтун айлаб шу кенг жаҳонни,
Ким мунча ҳам этмиш бахтиёр?

Жаҳон ичра қўйиб қутлуғ ном,
Ким ўпгандир пешонасини,
Саодатга йўллаб субҳу шом?
Бу ҳаётнинг кошонасини
Халқимизга ким этган инъом,
Олтин айлаб остонасини?

Шунинг учун қалбида янграр
Коинотнинг буюк хитоби.
Бошин силаб ҳар шому саҳар
Парвонадир толе офтоби.

Осиёда тенгсиз бу кишвар,
Шарқнинг олтин меҳроби эрур.
Ер қалбига бўлгандай меҳвар
Токи жаҳон тургунча турур.

Чунки уни яратиб Худо
Пешонасин ўпган субҳидам,
Бахти кундай туғилди аъло,
Истиқболин этгали кўркам.

Шунинг учун бу гўзал диёр
Юрагида Аллоҳ меҳри бор.
* * *
Тонг билан кўрдим ёр юзида ханда,
Кўзларим нурланди шарорасидан,
Юрак туғён урди наззорасидан,
Тонг билан кўрдим ёр кўзида ханда.

Чиннидек жаранглар сўзида ханда,
Кўнгилга бол томар иборасидан;
Руҳга жон югурар ишорасидан,
Гул бўлиб яшнайди изида ханда.

Бу висол айёмин айламай канда,
Маст бўлиб кўнгилнинг иштиёқидан,
Бошимда чарақлаб қуёш кулганда,
Ҳайратланиб Ишқнинг ихтиросидан,
Шеър айтгим келади ушбу чаманда,
Ёр рози эрса бас ҳар мисрасидан!
* * *
Ҳаёт гулшанида бир умр мастман,
Севги шаробидан бир қултум ичиб,
Гўёки юрибман кўкларда учиб,
Зуҳро юлдузига жони пайвастман.

Фарҳоду Тоҳирлар билан ҳамдастман,
Қайсдек овораман оромдан кечиб,
Дардимни шеър билан тошларга чекиб,
Тоғ аро адашган ишқи сарбастман.

Гар қўйсам муҳаббат жумбоғин ечиб,
Бу чигал ҳаётнинг қолмас қизиғи,
Бахт қуши кетади бошимдан учиб.
Нишонга олсада, айрилиқ тиғи,
Сархушман, муҳаббат парисин қучиб,
Йўлдан адашма, дер, ёрнинг чизиғи.
* * *
Мен сени изладим, сен эса мени
Муҳаббат аталмиш бир хиёбондан.
Мен сени сўзладим, сен эса мени,
Кўнгилга саодат битган достондан.

Мен сенга гул тердим, сен эса менга
Ошиқлар қадами етмаган ердан.
Мен сенга қўл бердим, сен эса менга
Аму бўса олиб тургандек Сирдан.

Мен сени соғиндим, сен эса мени,
Ҳижронда висолга чорлади мактуб.
Мен сени соғиндим, сен эса мени,
Тоҳиру Зуҳродек бўлолдик маҳбуб.

Муҳаббат бўлмаса икки дунё ҳам,
Қовуштиролмасди бизларни, эркам.