Ким тушунтириш хати ёзиши керак?

Кеча телеграмм каналимиз ва сайтимизда Тойлоқ туманида яшовчи Ф.Қаюмованинг таҳририятимизга мурожаати асосида “Мурожаатдан пул қилмоқчи бўлаётган мутасаддилар ёки Бош вазир ўринбосари қабулига кимлар кириши мумкин?” сарлавҳаси билан мақола бергандик.
Унда ер билан боғлиқ муаммосига ечим тополмаётган Ф.Қаюмова ижтимоий тармоқларда Бош вазир ўринбосари Самарқандга келгани ва тадбиркорларни қабул қилишини эшитиб, "Ёшлар маркази"га боргани, аммо уни рўйхатга олишмагани, мутасаддилардан бири эса "Вилоят савдо-саноат палатасига аъзо бўлсаларинг ва 245 минг сўм тўласаларинг қабулга киришларинг мумкин", дегани баён этилганди.
Ушбу мақола эълон қилинганидан сўнг мутасаддилар Ф.Қаюмова билан учрашиб, ундан Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи номига “Мухбир мени нотўғри тушунган” деган гапни қўшдириб, тушунтириш хати ёздириб олишибди. Қойил. Тезкорликни қаранг!
Лекин саволлар пайдо бўлади-да:
Биринчидан, нима учун мурожаатчини қабулга киритмаган мутасаддилар эмас, у тушунтириш хати ёзиши керак?
Иккинчидан, нега масала юзасидан Савдо-саноат палатаси мутасаддилари Ф.Қаюмовага тушунтириш бериш ўрнига Ф.Қаюмова бошқарма бошлиғига тушунтириш бериши керак (агар раҳбарларга кўрсатиш учун қоғоз керак бўлса, опани чақирган ёки унинг ҳузурига борган масъуллар ўзлари ҳам имзо қўйиб далолатнома тузиши мумкин эди-ку).
Учинчидан, мақола юзасидан таҳририятга Ф.Қаюмованинг тушунтириш хатини эмас, Савдо-саноат палатасининг муносабатини юбориш кераклигини наҳотки мутасаддилар билмайди?
Ва ниҳоят, тўртинчидан, опанинг муаммоси тақдири нима бўлади?
Умуман, мурожаатчилар билан ишлашда “тушунтириш хати олиш”, “таҳририят” ёки “мухбир”ни айблашга қачон чек қўйилади? Масъуллар қачон жамоатчилик билан, оммавий ахборот воситалари билан ишлашни ўрганади?
P/S. Биз ҳозиргина Ф.Қаюмова билан боғланиб, тушунтириш хати ёзиши тафсилотларини (ҳозир бунга тўхталмаймиз) ва эрталабдан буён Тойлоқ тумани ҳокимлигида масала ечимини кутиб турганини ҳам билиб олдик.
Биз бу мавзуга яна қайтамиз.