Кимёгарлар қўрғонида нечта бекат бор? Нарпай кўчасида-чи?
Кимёгарлар қўрғони ўтган асрда Самарқанд кимё заводи бунёд этилиши билан ташкил топган аҳоли маскани ҳисобланади. Айни пайтда мазкур ҳудудда 25 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Қўрғон Самарқанд шаҳри марказидан 9-10 километр узоқликда жойлашган. Ўртада Самарқанд туманининг айрим маҳаллалари ҳам бор. Транспорт қатновида деярли муаммо учрамайди. Бир неча йўналишда автобус, микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилган. Йўналишсиз таксилар ҳам туну кун йўловчилар хизматида.
Аммо Самарқанд шаҳри ва қўрғонни боғлайдиган асосий йўл – Нарпай кўчасида ҳам, қўрғоннинг ўзида ҳам бирорта автобус бекати йўқ. Борлари эса эътибордан четда қолиб, фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган. Ҳатто савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарига айланиб кетган бекатлар бор экан.
Шундай шароитда аҳоли қаерда автобус кутяпти, ҳайдовчилар йўловчиларни қаердан миндиряпти?
– Қаерда бекат борлиги ёки бўлиши кераклиги ҳам эсимиздан чиқиб кетган, – дейди йўловчи Р.Ҳайитов. – Қулай жойдан Нарпай кўчасига чиқамиз ёки бозорча олдига бориб турамиз. Автобуслар келиб, олиб кетаверади.
Ёғин-сочинли кунларда автобус кутиш учун бекат йўқлигидан такси ёки микроавтобусдан фойдаланишга мажбур бўламиз. Биз-ку шароитга қараб, йўлга чиқаверамиз, лекин ёмғир ёки қор ёққан пайтларда болалар ва кексаларнинг автобус кутиши азоб-да.
6, 15, 93-йўналишлар автобус ҳайдовчиларининг айтишича, Кимёгарлар қўрғонидан Самарқанд шаҳригача 4-5 бекатда тўхтаб, йўловчи олиш ва тушириш белгиланган. Лекин белгиланган манзилларда бекатнинг ўзи йўқ. Шу сабабли ҳайдовчилар қаерда йўловчи бўлса, ўша ерда тўхташга мажбур. Бу эса йўналишлардаги қатнов тартиби ва вақтининг бузилишига сабаб бўлади.
Кимёгарлар қўрғони марказидаги бозорча олдида йўловчилар айтганидек такси ҳам, "Дамас" микроавтобуслари ҳам кўп. Лекин уларнинг аксарияти ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланар экан. Бу ерда ҳам на бирорта бекат ва на бекат борлигини англатувчи йўл белгиси бор. Умуман, Нарпай кўчаси ва Кимёгарлар қўрғонида бекатни кўрсатувчи бирорта белгига кўзимиз тушмади.
Бугун Самарқанд шаҳрида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бир муддат фаолият кўрсатмаган кимё заводи кам қувватда бўлса-да, ишлаб турибди. Заводнинг фойдаланилмай турган ҳудудлари эса тадбиркорларга берилиб, бу ерда ҳам йирик саноат корхоналари, ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилмоқда. Бу яқин орада Кимёгарлар қўрғони саноатчилар, тадбиркорлар маскани бўлишини англатади. Бундай замонавий шаҳарчада йўл-транспорт инфратузилмаси ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳам шунга яраша бўлиши керак, назаримизда.