“Китоб дунёси” яна нашр этилади ёхуд юрагимдан тўкилган миннатдорлик

...Бугун дилимда чўккан бир оғриқ, елкамни босиб турган тоғдай оғир юкдан қутулдим. Бу юртда адабиётни, миллат маънавиятини, китобни улуғлайдиган, сохтакорлик билан эмас, чин дилдан қадрлайдиган инсонлар бор! Шулар туфайли ёзувчи, ижодкор эканлигимдан, қадримиз бугун ерга урилиб, интернет тўс-тўполонида ем бўлиб кетмаганимизга шукр қилдим.

"Китоб дунёси" газетасини ёпиб ташлагандик. Кимга кераги бор, эшикма-эшик сарсон бўлиб, санғиб, обуна бўлишга ёрдам беринг, деб тиланчилик қилиб юришнинг? Бу менинг табиатимга ёт тушунча. Тақдирнинг жуда кўп кўргуликларини кўриб, ёшлигимни уруш ўтида кул бўлишидан Аллоҳим асраб, шу кунларга етган эканман, менга зарилми энди, адабиёт, газет, китоб десам, юзини терс бурадиган кимсаларнинг ташида қувватлаб, ичида кулиб, кўзимга тик қараб, албатта, китобхонлик, бадиий нашр керак, обуна бўламиз, фалон-писмадон, деб ёлғон гапириб, сипойилик билан ўз хонасидан силлиқини кузатиб қўйишлари. Бундай сурликка чидай олмасдим, албатта. Мамлакатдаги туппа-тузук, адабий нашрни "ўлимдан сақлаб" қоламан, деб уринишларим бекор кетаётганини билгач, асабим, соғлигим, ижодимни асраш учун газетни ёпдим. Ўқимайдиган оммага менинг саъй-ҳаракатларимнинг чақачалик аҳамияти йўқ. Ўқийдиганлар эса кам. Кам одамлар учун газета чиқариб бўлмайди. Нашриёт ва ижара ҳақи ютиб юборади.

Хуллас, газетни ёпдик. Таҳририятнинг оз сонли ходимларининг боши хам... Шундай кунларнинг бири, февралнинг қайсидир кунлари нашриётда ишлайдиган акамиз Аҳрор Аҳмедов, яна бир неча зиёлилар кетма-кет қўнғироқ қилишиб, бундай қилманг, ярим йўлда ташлаб кетманг, яхши газет бу, биз учун керак газет, наҳотки, тирик-тетик танишларингиз, адабиётни севадиган, миллат эртасини ўйлаб жони оғриётган оғайниларингиз йўқ, дея дакки ҳам беришди. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Очиғи, мен газет орқасидан бойиш мумкин эмаслиги, аксинча, унинг нашриёт ва ижара-ю бошқа тўловлардан қарзини ёнидан тўлаган, минг пушаймон бўлган, обуна деган нарса олдида ич-ичидан оғриқ туриб, бетининг суви беш тўкилиб, асаби ўйнайдиган одам сифатида ҳаммасига қўл силкагандим.

Тўғриси, шу газетдан ойлик ҳам олмасдим. Газета чиқиб, одамлар ўқиб, биздан миннатдор бўлишса етарли эди. Кўнглим тоғдай кўтариларди. Адабиёт олдида ўз бурчимни бажараётганимдан, бекорга яшамаётганимдан хурсанд эдим. Шунинг учун адабиёт ҳам мени қўллаб-қувватлагандир, шунинг учун ҳам Худойим йўл бергандир; асарларим дунё бўйлаб тарқала бошлагандир... Европа, Америка, Россия давлатларида кетма-кет китобларим чиқди. Дунёнинг арзирли мукофотларини олдим. Хорижий давлатларда асарларим саҳналаштирилди, яна китобларим чиқяпти. Эътироф ҳам этишяпти. Худо хоҳласа, энди тўхтаб қолиш йўқ.

Сербиялик адиба ва профессор унинг асарлари ҳар бир сербнинг уйида бўлиши, ҳар бир серб ўқиши керак, дея ўз Ватани нашрларида чиқиш қилиб, кетма-кет икки китобим чоп этилганда, Россияда учта китоб нашр этилиб, ўша ерда ҳам уюшма аъзолигига қабул қилишганда, Москванинг “Олтин қалами”ни олганимда, қатор фестивалларнинг ғолиби бўлганимида, Американинг Халқаро "Женима" мукофотига сазовор бўлганимда, ўз Ватаним театрларида бир қанча драмаларим қўйилиб, китобларим чиққанда ҳам, ишонинг, Худо шоҳид, бунчалик қувонмагандим. Нега дейсизми?    

Эшитинг; "Китоб дунёси" обунаси дардида Самарқанд вилоятига бордим. Поезддан тушиб ҳокимиятга йўл олдим. Очиғи, ишонмагандим, ўзимча, ҳоким қабул қилмаса ҳам яхши бўларди, ҳар ҳолда сўнгги бор бурчимни бажаришга киришдим-ку, ҳузурига кирганим билан нима ҳам дейман, нима ўзгарарди, бу киши ҳам бошқалардай хўп дейди, кейин... Ҳа майли, кўнглимдаги озгина умид учун ҳам кираман, шу билан шу обуна даҳмазасидан қутуламан, деб ўйладим.

- Ҳокимга учрашсам, бўладими, бир иш билан келувдим, - дедим телефон орқали ёрдамчига минг бир хижолат билан.

- Ака, нима, масалада эди?

- Шу, шу... Шу, обуна...

Орадан бир оз вақт ўтди... Қўлтелефоним жиринглади:

- Ҳоким Сизни кутяптилар!

Бор-йўғи беш дақиқа суҳбатлашдик.

- Мен бу газетани биламан, олдинлари ўқир эдим. Худо хоҳласа, яхши бўлади,  - деди ҳоким кузатаётиб.

Бундай гап-сўзларни кўп эшитганим учун ярим умид ҳолда изимга қайтдим. Нима қилай, келавердим-да, шу гапни эшитиб.

Орадан бир ҳафта ўтди... Бухгалтеримиз ҳовлиқиб, телефон қилди:

- Газетага обуна бўлишяпти!! Самарқанддан!!!

Анчагача гандираклаб турдим....

Чин, ҳа, чиндан обунага буюртмалар туша бошлади. Бир менмас, таҳририятдан кетишга чоғланган ходимларимиз кўнгли ҳам ёриша бошлади. Шу далда билан Қорақалпоғистон, Хоразмга йўл олдим. Яхшилик яхшиликни етакларкан, у ерлардаги яхши инсонлар ҳам баҳоли қудрат қўллаб-қувватлашди. Газета иши жонланди. Сўнган иштиёқ ўти қайта ёнди. Тошкент, водий, Бухородан яхши хабарлар келди. Газета тирилди. Ўлмади. Унинг ходимлари кўнгли ёришди.

Бугун газета чоп этилаётган маҳал таҳририятга келдим. Ходимлар (бор-йўғи тўрт нафаргина) меҳр билан ишлашяпти, саҳифалаш, матн ўқиш, дизайнни яхшилаш борасида бош қотиришяпти. Айниқса, бетоблигига қарамай ишда ҳозир бўлган ходимнинг юзида самимият балқиб шундай деди:

- Ака, яхши бўлди-ей, очиғи, энди бу ишхона эшиги мен учун ёпилди, деб ўйловдим. Кеча ойлик ва байрам пули ҳам олдик. Раҳмат Сизга. Бизни қўллаган инсонларни ҳар куни намозимда дуо қилаяпман, - деди.

- Биз ҳам, - дейишди бошқалар.

Кўзларим ёшланди. Умрини қоғозга, адабиётга тиккан бу камтар ва камсуқум, хокисор одамларнинг юрагидан отилиб чиққан олқиш олдида бир пас ўзимни йўқотиб қўйдим. Кўз олдимда бизга хайрихоҳ бўлган қадрдон кишиларимнинг сиймоси гавдаланди. Мен учун бу ҳолат тақдиримнинг энг Олий мукофоти эди...

Қўчқор НОРҚОБИЛ.

13.05.2023 йил.