Кўчат экиш ишлари бошланмаган бир қатор туманлар ҳокимларига қатъий огоҳлантириш берилади: рўйхатда Самарқанддан ҳам иккита туман бор

“Бир ҳафта олдин ўтказилган селектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича барча масалалар туман даражасида бирма-бир тушунтириб берилган эди” дейилади Президент матбуот котиби хабарида.

“Мутасаддилар лойиҳани амалга оширишда қўшиб ёзиш, рақамларни бўрттириб кўрсатиш, ишларни пала-партиш бажаришга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ишга фаол киришгани, лекин Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида дарахт экиш режа кўрсаткичларидан анча ортда қолаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга Қўшработ, Каттақўрғон, Томди, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Янгиариқ, Шеробод, Термиз, Музработ, Ғузор, Китоб туманларида кўчат экиш ишлари ҳалигача бошланмаган. Ушбу туман ҳокимларига қатъий огоҳлантириш бериладиган бўлди”.