“Кока-кола”ли кўл ва Ердаги бошқа қизиқарли сув ҳавзалари
Сайёрамизда жуда кўп қизиқарли жойлар бор, баъзи одамлар бу жойлар мавжудлигини эшитиб, ҳатто ишонишмайди. Масалан, Бразилияда кока-кола билан тўлдирилган кўл борлигини билармидингиз? Ёзда унинг суви жуда илиқ бўлади, шунинг учун бу ерга бутун дунёдан одамлар келади. “Ширин ичимлик кўли”ни, айниқса, болалар яхши кўради – ахир севимли ичимлик билан тўлдирилган бассейнга чўмилишни ким ҳам истамайди?
Ушбу мақоланинг бир қисми сифатида Бразилиядаги бу кўл нега бундай ғайриоддий рангга бўялганлиги ва у нимаси билан одамлар соғлиғига фойда келтиришини аниқлашни таклиф қиламиз. Шунингдек, ер юзидаги ғайриоддий хусусиятларга эга бўлган яна бир нечта нуқталарни кўриб чиқамиз.
“Кока-кола”ли кўл
Юқорида тилга олинган бу кўл Араракуара деб номланади. У Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Норти штатининг жанубий қирғоғида жойлашган. Айтиш керакки, сувда газланган ичимликдан бир томчи ҳам йўқ. Сувнинг карамелли ранги эса ундаги йод ва темирнинг юқори концентрацияси билан боғлиқ. Бу сувни ичиш мумкин эмас, аммо фойдали моддаларнинг юқори миқдори туфайли унда сузиш жуда фойдали.
Тонг шуъласи кўли
Ғайриоддий номланишни олган бу кўл Американинг Йеллоустон миллий боғида жойлашган. Унинг муҳим хусусияти шундаки, у тахминан 2200 метр чуқурликка эга. Бундан ташқари, кўл доимий равишда рангини ўзгартириб туриши билан ажралиб туради: баъзида у бинафша рангга бўялади, бошқа кунлари эса бутунлай яшил рангга айланади. Бунинг устига кўл жуда ўзгарувчан табиатга эга. Одатда у тинч, лекин баъзи кунларда қайнай бошлайди ва иссиқ булоқ каби отилиб чиқади. Сувда бактериялар кўпайиши учун етарлича шароит бор, бироқ сайёҳларнинг сувга танга ташлаш одати туфайли у бироз булғанган ва сув ҳарорати нақ 100 даражагача пасайган.
Олтойдаги ўлик кўл
Россиянинг Олтой ҳудудида сирли кўл бор, унда бирорта жонивор ва ўсимлик йўқ. Ҳатто бошқа кўллардан балиқли сувлар унга келиб тушишини ҳисобга олганда, бу ҳодиса янада ғалатироқ туюлади. Олимлар бу сувларга балиқ ва бошқа тирик мавжудотларни киритишни, ўсимликлар экишни уриниб кўришди. Бироқ номаълум сабабларга кўра, деярли бир кундан сўнг барча тирик мавжудотлар нобуд бўлиб, ўсимликлар чирий бошлади. Тадқиқотчилар сув намунасини олиб, ундаги ҳаёт учун хавфли моддаларни излаб кўрган эди, ажабланарлиси, сув тоза ва ҳатто ичишга яроқли бўлиб чиқди. Қандай бўлмасин, бу фақат эктремал саёҳат мухлислари учун қизиқарли, жуда ғалати жой экан.
Ҳиллиер кўли
Ва ниҳоят, Австралияда жойлашган Ҳиллиер кўли билан танишамиз. Бу кўлдаги сув ёрқин пушти рангга бўялган ва учиш баландлигидан унга қаралганда, худди катта бир дев ширин сақич устига қадам босгандек туюлади. Бу ғаройиб кўл биринчи марта 1802 йилда британиялик денгизчи Мэтью Флиндерс томонидан кашф этилган. Бу ғайриоддий сувда сузиш мумкин, чунки у инсон саломатлигига ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.