Кўкатхўрлар ошхонаси

(ҳажвия)

Соқивой хорижда ишлаб юрар экан, у ерлардаги қулайликларни, хизмат кўрсатиш маданиятини кўриб ҳайратда қолди. Айниқса, кафе-ю ошхоналарга бирам ҳаваси келдики... Тезроқ мўмайроқ пул ишлаб, ўз юртига қайтиб, албатта, ана шунақа ошхона ёки кафе, иложи бўлса, ресторан очишга аҳд қилди.

Мана, унинг ширин орзулари ушалиб, туман марказида кичик бўлса ҳам, шинамгина ошхона очди. Маҳалланинг мулла-ю оқсоқолларини чорлаб ош тортди, уларнинг қуюқ дуоларини олди.

Ана шундан кейин ҳаммаси бошланди.

Дастлаб солиқ идорасидан одам келиб, зудлик билан касса аппарати ўрнатишни буюриб кетди. Кейин санэпидстанция, сўнгра ўт ўчирувчилар идорасидан келишди. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш уюшмаси ва бошқа ҳали Соқивой номини билмайдиган жойлардан ҳам келиб “меҳмон” бўлиб кетишди.

Кунлардан бир куни сувга чўкаётганларни қутқарувчилар жамиятининг текширувчиси пайдо бўлди.

– Хўш, ошхонангизда сувга чўкаётганларни қутқазиш учун қанақа чоралар кўрилган? - деган саволни кўндаланг қилиб қўйди.

Соқивой аввал бу алмойи-алжойи саволнинг тагига етмаган бўлса-да, ўз фикри билан текширувчининг нима демоқчи эканини тушунди.

– Биз дарё ёки анҳорнинг ёнида бўлмасак, бунинг ҳожати бормикин? - деб савол беришдан ўзини тиёлмади.

– Э, кечириб қўясиз, ёнғинга қарши сув ўрангиз борми, ака?!

– Ҳа, бор.

– Ҳовузингизга одам чўкиб ўлмайди, деб кафолат бероласизми?!

– ...

– Ана, кўрдингизми, акажон! Ҳозир протокол ёзиб, ошхонангизда хавфсизлик масаласи чатоқ эканлигини қайд этиб қўямиз ва эшигингизни муҳрлаб кетамиз!

Хуллас, Соқивой: “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, деган мақолнинг мағзини чақиб, уларни рози қилиб, чакагини ўчириб, даф қилди.

Эндигина енгил нафас олиб, ишга уннамоқчи бўлиб турган эди, яна меҳмонлар келиб қолишди.

– Ассалому алайкум, марҳамат, марҳамат, хуш келибсизлар! Хўш, хизмат?!

– Эшитишимизча, ошхонангиздаги таомлар гўштли эканми?

– Ҳа-да, албатта гўштли. Тўғри, кейинги пайтларда “меҳмон”лар кўпайиб, чўғи сал камайиб қолгани рост, аммо бирорта ҳам овқатимиз гўштсиз эмас, текшириб кўришингиз мумкин.

– Гўшт инсон учун зарарли эканлигини биласизми?

– Ие, шунақа эканми, билмас эканмиз-да.

– Гўштнинг турган битгани заҳар! Ана шунинг учун ҳам бизнинг вегетарианлар жамиятимиз ўтхўрликни тарғиб қилиб, этхўрликка қарши курашади. Сиз ҳам бизнинг сафимизга аъзо бўлишингиз керак.

– Унга аъзо бўлиб нима иш қиламан? - ҳайрон қолиб сўради Соқивой.

– Аввало, ўзингиз гўшт емайсиз, иннанкейин гўштли овқатлар ҳам пиширмайсиз.

– Унда таомларни нима билан пиширамиз?

– Сабзи, шолғом, картошка, бақлажон, қовоқ, нўхат, ловия ва ҳар хил кўкатлар ишлатаверасиз.

– Ие, бу жудаям бизбоп жамият экан-ку. Бўпти унга оиламиз билан  ҳаммамиз аъзо бўлиб ёзиламиз, - деди Соқивой оғзи қулоғига етиб.

Ана шу кундан бошлаб Соқивойнинг ошхонасида шолғом шўрва, картошка палов, помидор кабоб, қовоқ сомса, қатиқли ош, ширгуруч сингари арзон-гаров таомлар пишириладиган бўлди. Муҳими, ҳеч ким: “Нега ошингни гўшти кам?”, деб ёқангдан олиб, асабингни эговламайди. Бунинг устига, ошхонага чақирилмаган “меҳмон”ларнинг ҳам оёғи сал тийилди. Шуниси қизиқки, хўрандаларнинг сони камайиш ўрнига, кундан кунга кўпайиб бормоқда. Агар вақтингиз бўлса, сиз ҳам бир кириб ўтинг, марҳамат!

Худойберди КОМИЛОВ.