Халқаро ҳамкорлар Самарқандда
Бир неча кун олдин пойтахтда Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликка кўмаклашиш маркази очилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Колумбия университети, UNICEF ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган марказ ижтимоий хизматлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориши, ходимларнинг касбий ривожланиши учун самарали дастур ва методикалар ишлаб чиқиши белгиланган.
Бугун мазкур ҳамкор ташкилот вакиллари ва марказ мутахассислари Самарқанд шаҳрига келиб, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида яратилган шароитлар, унда аҳолига кўрсатилаётган хизмат турлари ва сифати билан танишди.
Колумбия университети ижтимоий иш мактаби профессор-ўқитувчилари ижтимоий ходимлар фаолиятига алоҳида қизиқиш билдирди.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан аҳолига 98 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган вақтида 10 мингдан зиёд мурожаат қабул қилиниб, улар асосида 786 та кейс очилган. 34 нафар фуқаро ёлғиз кексалар реестрига олиниб, шу йўналишдаги амалий ишлар натижасида 91 нафар фуқаро ундан чиқарилган. 64 нафар ижтимоий ходим аҳолига жойига чиққан ҳолда хизмат кўрсатиб келмоқда.
— Юртимизда ижтимоий хизматлар соҳаси жадал ривожланиб, халқаро мутахассислар эътирофига сазовор бўляпти, - дейди Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази директори Сардор Мусаев. – Янги ташкил этилган марказ фикримнинг исботидир. Самарқандга ҳам бежиз келмадик. Бу ерда олиб борган ўрганишларимиз натижалари ижтимоий хизматлар соҳасидаги халқаро ҳамкорлигимизнинг кейинги стратегияси, хусусан, марказимиз фаолиятини ташкил этиш учун ҳам асос бўлади.
Кунинг иккинчи ярмида меҳмонлар учун Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига саёҳати ташкил этилди.