Конституция — қонунларимиз асоси
Айни кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилмоқда.
Самарқанд вилояти судида ташкил этилган “Конституция — қонунларимиз асоси, халқимиз бахт-саодатининг кафолати” мавзусидаги тадбир ҳам шу мақсадга қаратилди.
Тадбирда вилоят суди тизимидаги барча судлар судьялари иштирок этди. Вилоят суди раиси О.Ҳайитов тадбирнинг аҳамияти, долзарблиги ва моҳиятини тушунтирди.
Қайд этилганидек, Конституция – истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжатдир. Бугунги ислоҳотлар даврида уни янада такомиллаштиришга, ўзгартиришга катта эҳтиёж сезилмоқда. Шунингдек, янги қонун лойиҳасида судлар фаолиятига алоқадор янгиликлар ҳам борлиги таъкидланди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари Бекзод Жумабоев, вилоят суди судьялари Р. Имомов, Н. Юсупов янги қонун лойиҳасига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни бандма-банд изоҳлаб берди.
Ўз навбатида, тадбир иштирокчилари ҳам Конституциявий қонун лойиҳасига бир қатор таклифларини берди, ўз муносабатларини билдирди.
Марат Эргашев,
Самарқанд вилоят суди судьяси.