Конституцияга таклифим бор: Давлат тилининг мақоми оширилиши зарур

Давлат тилининг мақомини ошириш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий ғоя ва вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Бош қомусимизнинг 4-моддасига қўшимча киритиш таклифини билдирмоқчиман.

Мазкур моддада Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ўзбек тили эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қонуний мустаҳкамланган. Лекин давлат органлари, идоралари, ташкилот ва муассасаларда иш юритиш ўзбек тилида олиб борилиши шартлиги кўрсатилмаган. Натижада, орадан ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтаётган бўлса-да, кўпгина идора ва ташкилотларда меъёрий ҳужжатлар, иш юритуви ҳамон бошқа тилларда олиб борилмоқда. Бу эса маълум маънода тилимизнинг камситилишига, нуфузининг тушишига сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига “Барча давлат органлари, идоралари, ташкилот ва муассасаларида иш юритуви ўзбек тилида олиб борилиши шарт”, деган қўшимча киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, жумладан, мен ҳам ушбу таклиф орқали юртимизда истиқомат қилаётган 130 га яқин турли миллат ва элат вакилларининг ўз тилларида сўзлашиши, хоҳлаган динига эътиқод қилишига ҳеч қандай монелик қилмаган ҳолда давлат хизматчиларининг ўзбек тилини билиши ҳамда иш юритиш ҳужжатлари она тилимизда олиб борилиши тарафдориман.

Тил – бу миллатнинг маънавий бойлиги. У нафақат муомала, балки халқ маданияти, урф-одати, турмуш тарзи, тарихини ифодаловчи ўзига хос муҳим восита ҳамдир.

Акбар Ахтамов,

“Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси.