Коранавирусга қарши курашиш учун маҳаллий бюджетдан 14 миллиард сўм маблағ ажратилган

Ботир Мирзаев, Самарқанд вилояти молия бошқармаси бошлиғи:

- Коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 14 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ажратилган 8,5 миллиард сўм маблағга 108 та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари олинади ва ҳозирда уларнинг 50 га яқини келтирилиб, Самарқанд шаҳрида фойдаланишга топширилди. Қолган тез тиббий ёрдам машиналари ҳам тез орада туманлардаги тиббиёт бирлашмаларига берилади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги пандемияга қарши кураш жамғармасидан вилоятимизга 38 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, уларга қўшимча ҳақ тўлаш ва санитария воситалари харид қилишга сарфланади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 июлдаги “Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан врач ходимларнинг ойлик маошига - 2,5 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига - 1,5 миллион сўм, тез тиббий ёрдам автомобили ҳайдовчиларининг ойлик маошларига - 1 миллион сўмдан қўшимча маблағ тўланиши белгиланди. Янги тартибга кўра, карантин муассасасига кираётган тиббиёт ходимига белгиланган маблағнинг 40 фоизи миқдорида аванс маблағи берилади.

Ҳозирда вилоятимизда 3 та карантин муассасаси бор ва у ердаги беморларни овқатлантиришда аутсорсинг тизими жорий этилган. Бунда 1 бемор учун кунлик 36 минг сўмдан пул маблағи ажратилмоқда.