Коронавирус билан гриппни қандай фарқлаш мумкин?

Бу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Севара УБАЙДУЛЛЕВА жавоб берди:

- Коронавирус ва гриппнинг бир-биридан ажратувчи бир неча белгилари мавжуд. Жумладан, грипп касаллигининг яширин даври 5-7 кун, коронавируснинг яширин даври эса 2-14 кун.

Икки касаллик ҳам тумов, кўз ёшланиши, бурун оқиши, акса уриш, тана ҳароратини кўтарилиши билан кечади.

Лекин грипп касаллигида:

- умумий белгилар 1-3 кунгача бўлади. Енгил даражасида тана ҳароратининг 38 даражадан юқори бўлиши бир марта кузатилади, 3-кундан бошлаб бемор аҳволи яхшиланишни бошлайди;

- гриппнинг оғир кечувида, агарда касаллик бронхлар ва ўпкаларни жароҳатлаган бўлса, унда грипп оқибатида кузатиладиган тана ҳарорати 5 кундан ортиқ ҳам 38 даражадан юқори бўлиши мумкин, ундан кўп муддат кузатилмайди. Грипп касаллигида йўтал биринчи 3-4 кун қуруқ, сўнгра эса балғамли бўлади ва даволашда асосий мақсад балғамни парчалаш ёки кўчиришга кўмаклашишдир;

- грипп касаллигидаги пневмонияда ўпканинг яллиғланиши касалликнинг реабилитация жараёнида қайта тикланиши мумкин. Грипп касаллиги фақат юқори ва пастки нафас йўлларини зарарлайди. Грипп касаллигида асаб тизимининг жароҳатланиши кузатилмайди.

Коронавирус касаллигида эса:

- умумий белгилар 1-3 кун кузатилади, тана ҳарорати енгил кечувида 38 даражага бир марта кўтарилади. Сўнгра 37 даражада бўлади. Енгил кечувида тўғри давони сақлаган ҳолда олиб борилса, бемор аҳволи касалликнинг 5-7 кунларида яхшиланиб боради;

- касалликни оғир кечувида эса 8-кундан бошлаб тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади. Умумий ҳолсизлик кучаяди, қуруқ йўтал зўраяди, нафас етишмовчилиги, яъни ҳансираш ҳам кучаяди. Коронавирусда йўтал балғамсиз бўлади ва у касалликни кечувига боғлиқ ҳолда 2-3 ҳафтадан 1,5 ойгача кузатилиши мумкин;

- коронавирусдаги йўтални даволашда кўпрок нафас машқларини ўтказиб, алвеолаларнинг фаолиятини тўлиқ таъминлаш билан организмнинг тўқима ва ҳужайраларига кислород таъминотини тиклашга қаратилган бўлади;

- коронавирус касаллигининг оғир ва ўта оғир кечувида ўпкалар интерстицияси, алвеолаларининг фиброз тўқима билан қопланиши ойлар давомида тикланиши ёки маълум қисми умуман тикланмаслиги ҳам мумкин;

- коронавирус касаллигида инсон организмининг бир неча аъзоси (нафас, ошқозон, юрак қон томир тизими аъзолари, буйрак, эндокрин безлар, марказий ва периферик асаб тизимлари касалликлари жароҳатланади. Айниқса, асаб тизими ва руҳиятнинг зарарланиши кузатилади.