Коронавирус билан курашиш учун Жаҳон банки Ўзбекистонга 95 миллион доллар молиявий ёрдам беради

Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлаш учун 95 миллион долларлик молиялаштириш дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, лойиҳа маблағлари миллий соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, шунингдек, пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан азият чеккан кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга сарфланади.

«Жаҳон банкининг молиялаштириши халқаро ривожланиш бўйича ҳамкорлар коалицияси томонидан ташкил этилган аҳолини пандемия хавфидан ҳимоя қилишда ҳукуматга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида тақдим этилади, - деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. - Ҳукумат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг бошқа агентликлари, халқаро молиявий институтлар, шу қаторда Жаҳон банки гуруҳи, икки томонлама ёрдам агентликлари ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан, Чегара билмас шифокорлар (МСФ) ушбу оғир вазиятда мамлакатни қўллаб-қувватлашда хайрихоҳлик билдиришмоқда».

Ушбу лойиҳа доирасида Жаҳон банки кўмаги билан коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг профилактикаси ва тарқалишини назорат қилиш учун миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга 38 миллион доллар сарфланади. Маблағлар шахсий ҳимоя воситаларини, дори-дармонларни ва ҳаётий зарур тиббий асбоб-ускуналарни, шу жумладан, ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмаларини сотиб олишда, коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган шифохоналарни жиҳозлаш учун ҳам ишлатилади.

Лойиҳа бўйича 57 миллион доллар атрофидаги маблағлар кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ишсиз фуқароларга бир марталик тўловларни амалга ошириш бўйича давлат дастурларини кенгайтириш учун сарфланади.

«Мен шифокорларга, ҳамшираларга ва бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашнинг бошида турганларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўзларини хавф остига қўйиб, улар бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишмоқда. Келинг, уйда қолиб, шахсий гигиена қоидаларига, ижтимоий масофаланишга ва карантин чораларига риоя қилган ҳолда, уларга касбий бурчларини бажаришда ёрдам берайлик», дея таъкидлади Хидеки Мори.