Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга Жаҳон банки томонидан маблағ ажратилади
“Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Жаҳон банки томонидан “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини молиялаштириш учун 30 йил муддатга қуйидагилар ажратилиши маъқулланган:
10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 млн АҚШ доллари миқдорида қарз;
10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредити;
5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредити.
Лойиҳанинг умумий қиймати 659,3 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, Ўзбекистон улуши – 159,3 млн АҚШ долларини, шу жумладан:
солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш – 124,3 млн АҚШ долларини;
Лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши эса 35 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.
Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йил (2020-2026 йиллар) бўлиб, уни молиялаштиришнинг устувор йўналишларидан бири қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратишдир.