Жаҳон банки эътирофи: Мураккаб инқирозли шароитда ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 1,5 фоизга прогноз қилинмоқда
Яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиётининг бу йилги мураккаб инқирозли шароитда ҳам 1,5 фоизга ўсишининг прогноз қилиниши мамлакатда давлат раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган тизимли ва узвий ислоҳотларнинг самараси, деб баҳолаш мумкин.
Маълумки, пандемия барча давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Жами талабнинг кескин пасайиши натижасида хом ашё товарлари ва хизматларнинг нархлари тушиб кетди. Глобал ва минтақавий таъминот тизимларида узилишлар вужудга келиб, молиявий бозорларда рисклар қабул қилинмай қўйди. Глобал иқтисодиётда рецессия жараёнлари кучайиб, минтақадаги давлатлар валюталарининг нисбатан заифлиги натижасида, жалб этилаётган қарзлар қийматининг кескин ортишига олиб келди. Экспортнинг кескин камайиши эса тўлов балансига “ортиқча юк”ни вужудга келтирди.
Шу ўринда, Жаҳон банки эътирофига сабабчи бўлган мамлакатимизнинг иқтисодий омилларига эътибор қаратишимиз ва келгусида пандемия ҳамда иқтисодий инқироз шароитларида ислоҳотлар жараёнларини янада чуқурлаштириш йўналишларини белгилаб олишимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.
Давлатимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига дастлабки босқичлардаёқ катта эътибор қаратилди. Саноат корхоналари, тадбиркорлар ва экспортёрларга аниқ ва самарали чоралар белгилаб берилди. Иқтисодиётда ҳисоб-китоб қилинаётган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш – ҳукуматнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди.
Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида коронавирус пандемияси шароитида глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга асосан 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши жамғарма тузилди. Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилди. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб берилиши белгиланди.
Ишбилармонлик муҳитини сақлаб қолиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ҳаракатлар ўз “мевасини” бермай қолмади. Бунинг яққол далили сифатида Жаҳон банкининг мазкур эътирофини мисол тариқасида кўрсатишимиз мумкин.
Одилжон ИМИНОВ,
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.