Коронавирусдан қўрқмайдиган одам
Уйда китоб мутоласидан бироз толиқиб, ҳовлида чорпояда ўтиргандим. Қўл телефоним жиринглаб қолди.
- Ассалому алайкум, дўст, - дея жайдари шевада эркин гапирди овоз эгаси. - Танимадингиз-а?
- Энди, кўп телефон бўлади, қулоқ ҳам автоматмас...
- Қишлоқдан, Жўрақул жўрангизман!
- Э, узр-да жўра, омонмисиз, тинчликми? Карантинда китоб ўқияпсизми?
- Китобни аёлим ўқийди. Бизнинг китобимиз кетмон, ер чопиш, деҳқончилик-да. Мартнинг бошида картошка уруғи экувдим, гуллади. Эрта-индин кавлаймиз. Олти сотих, ёмғирда бирам яхши ривожландики, бир сув ичмай пишаяпти. Бир ярим тоннани чўтлаб турибман. Саримсоқпиёз, қизил лавлаги, кўкпиёз, помидор...
- Бўлди, сизни билмасам экан, - дедим гапини бўлиб. - Боғбон, деҳқоннинг боласисиз. Асалари боқасиз, сигирингиз бор. Карантиннинг сиз каби томорқа пирлари учун аҳамияти йўқ. Карантин бўлмасаям томорқадан чиқмаслигингиз, туман маркази-ю шаҳарга ҳам бормаслигингизни яхши биламан.
Жўрақул жўрани, раҳматли онаси, Дўнан дерди. Биз, болалар эса Дўнан афанди, дердик. Афандилиги бор, содда ва тўғри, ҳазилни хуш кўради. У телефонда “Биз коронавирусдан қўрқмаймиз, томорқамиздан чиқадиган сабзавот ва меваларни истеъмол қилган одам касалликка чалинмайди. Кичкина қизим ҳамшира, юқумли касалликлар шифохонасида ишлайди. Қўшнимнинг қизи эса СЭСда лаборант-эпидемиолог. Улар вилоятимизда карантинда сақланаётган хориждан келган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиб, ўн тўрт кундан кейин уйга келишди. “Ота, шифохонада карантиндагилар дастурхонида бизнинг томорқадаги ҳамма зиравор бор, сиз мева-сабзавот, зиравору кўкатлар бериб бизларни катта қилдингиз, табиб отажоним менинг”, деб кўришиш мумкин бўлмаса ҳам ачомлашди”, деди.
Қишлоқнинг одами, ўқимаган деймиз. Ҳовлиси обод, турфа гуллар очилиб, райҳон ифорини таратиб турибди. Дўнан жўранинг фалсафасини эшитиб дунёдаги бугунги вазият, пандемия ҳолати кўз олдимдан ўтди. Тиббиёт аҳли ўзининг, бола-чақасининг умр-жони ташвиши қолиб, жабҳага ўзини урса, соғ ҳолида касалланганлар орасига кириб, муолажа, кўмак бераман, деб турса, буни ҳеч нима билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Фидойилик, Ватан туйғуси, ўз ватандошига жонфидоликнинг олий туйғусимасмикан? Шифокорларни ҳозирги замоннинг қаҳрамонлари деб аташяпти, ярашади.
Телевизордан томоша қилаётганимиз коронавирусдан буткул соғайиб, реабилитацияга ўтказилаётган беморлар қувончи, юзлаб оқ халату комбинизонда, ниқобу махсус кўзойнаклардаги шифокору тиббиёт ходимларининг дарвоза олдида шодлиги, соғайганларни кузатишаётгани ҳар бир юракни ларзага, ҳаяжонга солмоқда. Бир врачнинг уйдаги қизалоқлари телефон қилиб “Қулупнай егимиз келяпти, дадажон, обкеласизми?”, деган сўзларига бир ойдан бери уйига боролмаётган фидойи шифокорнинг кўзларида ёш билан болаларига жавобини эшитиб, кўриб сиз ҳам йиғлайсиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар икки-уч кунда видеоселектор йиғилиш ўтказиб, биринчи мавзу коронавирусга қарши курашиш, касалликни енгиш, балойи офатни бартараф этиш ҳақида гапирмоқда, қатъий чора-тадбирлар белгиламоқда. Халқимиз номидан шифокорларга, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, мудофаа вазирликлари хизматчилари, санитария-эпидемиология хизмати фидойиларига чуқур миннатдорлик билдирмоқда. Карантин қоидаларига риоя этиб, уйда ўтирганларга раҳмат айтаяпти. Аллоҳнинг кўзга кўринмас бир митти зарраси ер шарининг мувозанатини бузиб юборай деяётган шу синов паллада сарак-саракка, пучак пучакка ажраляпти.
Шу ўринда кўнгилнинг яна бир эътирофики, биз бугун халқ, миллат эканимизни росмана англаб етяпмиз. Мазкур вазият бизни янада масъулиятлироқ, бурчлироқ қилиб қўяётганини ёддан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Аксинча, бу виждон даъвати ўлароқ, бизни уйғоқликка, темир сафда туришга, маънавий сафарбарликка ундамоқда. Насиб бўлса, бу балолар чекингуси, бу кунлар ўтгуси, омонлик кунларга яқин қолди.
Убай ҚОДИР.