Коронавирусга чалинган беморнинг ким билан мулоқот қилганлигини кўрсатувчи мобил илова жорий этилади
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Унда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан, COVID-19 га қарши кураш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот аввалида, Соғлиқни сақлаш вазири коронавирус инфекциясига қарши курашда, шунингдек, ушбу мамлакат мутахассислари билан ҳамкорликда пойтахтимизда тўртинчи авлод Болалар миллий тиббиёт марказини бунёд этишда Корея Республикаси томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам учун чуқур миннатдорчилик билдириб ўтди. Суҳбат давомида икки мамлакат вазирлари юртимизда Кореянинг етакчи тиббиёт университетининг филиалини очиш, тиббиёт кластерини ташкил этиш масалаларини кенг муҳокама қилдилар.
Муҳими, икки давлат вазирлари юртимизда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда COVID-19 га қарши мобил иловаларни яратиб, трекинг усулини жорий этиш борасида келишувга эришди. Бу эса бизга худди Кореядагидек коронавирусга чалинган беморнинг ким билан мулоқот қилгани ва кайси ҳудудларда бўлганлигини инновацион тарзда аниқ кўрсатиб бериш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, ҳамкорликда коронавирус инфекциясига қарши курашда тестлар ва дориларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Жумладан, коронавирусга қарши вакцинанинг биргаликда клиник синовларини ўтказиш тўғрисида ҳам келишувга эришилди. Ўз навбатида, Корея Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ушбу вакцинани дунё мамлакатларига тақдим этишда Ўзбекистон алоҳида устувор мавқега эга бўлишини таъкидлади.
Самарали кечган музокаралар якунида Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги марказининг имкониятларини янада кенгайтиришга ҳам келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўтган йил апрель ойида мамлакатимизга ташрифи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг Фахрий профессори унвони билан тақдирланган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, ҳозирда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳанинг ҳуқуқий асослари, тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини янада ошириш, электрон тиббиётни жорий этиш, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги, тиббий туризм ҳамда тиббий суғурта соҳасида мутахассислар алмашинуви бўйича қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида изчил саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.