Коронавируснинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш бўйича Самарқандда ҳам барча чоралар кўрилган
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Хитойда пайдо бўлган коронавирус хасталиги Ўзбекистонга ҳам кириб келганлиги, огоҳ бўлиш лозимлиги бўйича фикрлар тарқалмоқда. Бу бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расмий ахборотлар тарқатилган бўлса-да, ҳамон миш-мишлар босилгани йўқ.
Самарқандда мазкур масалада олиб борилаётган ишлар хусусида сўраш мақсадида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўринбосари Иброҳим Аблоқуловнинг фикрларини билдик.
- Хитой Халқ Республикаси Ухан шаҳрида юзага келган коронавируснинг янги эпидемияси юзасидан куни кеча пойтахтимизда ўтказилган семинарда иштирок этдим. Семинарда соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги, фавқулодда вазиятлар, божхона тизими ходимлари иштирок этди. Айтиш керакки, айни пайтга қадар мамлакатимизнинг чегарадош республикалари ўртасидаги назорат-ўтказиш пунктларида, халқаро аэропорт, темирйўл вокзалларида санитар назорат пунктлари ташкил этилган. Мамлакатга кириб келаётган ҳар бир фуқаро махсус текширувдан ўтказилаётир. Хусусан, Самарқанддаги халқаро аэропорт, темирйўл вокзали ҳамда “Жартепа” назорат-ўтказиш пунктида ҳам штаблар ташкил этилиб, улар тегишли мутахассис ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Шу пайтга қадар хасталик билан келувчилар қайд этилмаган.
Қолаверса, Тошкентда ўтказилган семинарда яқин кунларда тегишли идоралар мутахассислари мазкур касаллик аломатлари ва унинг олдини олиш чоралари бўйича махсус ўқувдан ўтиши хусусида ҳам айтилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 25 январь ҳолатига кўра, коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 41 нафарга, касалланганлар эса 1287 нафарга етди. Яна 1965 киши касалланган, деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.
Шунингдек, касаллик Таиланд, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда аниқланган. Ухан шаҳрида ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги маълум бўлган.