Кўрсатилаётган коммунал хизматлар учун қарздорлик ортяпти(ми?)

Кейинги вақтларда эътиборнинг сусайиши ёки бошқа сабаб билан етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловларни амалга оширишда сансалорлик кузатилмоқда. Оқибатда катта миқдорда қарздорликлар юзага келмоқда.

Хусусан, айни пайтда Самарқанд туманида электр энергиясидан 64,4 миллиард, табиий газдан 46,1 миллиард, ичимлик сувидан 297 миллион ва маиший чиқиндилардан 478 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд.

Хўш, бу қадар катта миқдордаги қарздорлик қандай пайдо бўлди? Уни бартараф қилиш учун нима ишлар қилинмоқда? Шу каби саволларга жавобан Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати қуйидаги маълумотларни тақдим этди:

Туманнинг 1-сектори ҳудудидаги маҳаллаларда етказиб берилган электр энергияси бўйича 8,3 миллиард сўм дебитор қарздорлик юзага келган. Қарздорликни қисқартириш бўйича тасдиқланган режа-графикка асосан августь ойида 1,4 миллиард сўм ундирилиши белгиланган. Бироқ амалда 768 миллион сўм ундирилиб, топшириқ ижроси 54 фоизга бажарилган.

Туман прокурори назоратидаги 20 та маҳаллада эса 18,4 миллиард сўм дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича 2,6 миллиард сўм режа-топшириқ белгиланган. Амалда эса 1,5 миллиард сўм ёки режа 55 фоизга бажарилган.

Ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлик қиладиган 3-секторда 7,7 миллиард сўм дебитор қарздорликдан 1,6 миллиард сўмини ундириш белгиланган. Бироқ 818 миллион сўм дебитор қарздорлик ундирилган.

Шунингдек, 4-секторда 8,3 миллиард сўм дебитор қарздорликдан 1,4 миллиард сўмини ундириш режа-топшириғи берилган. Топшириқнинг 52 фоизи уддаланган, яъни 732 миллион сўм дебитор қарз маблағлари тўланган.

Асоссиз қарз ҳам оз эмас

Августь ойида истеъмол қилинган электр энергияси бўйича тўловлар тўлиқ ундирилган. Лекин хатлов жараёнида бир қатор ҳолатлар ҳам аниқланганки, бу тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар бисёр эканлиги кўрсатиб турибди.

Хусусан, ўрганишлар давомида режа графигига берилган 64,4 миллиард сўмлик дебитор қарздорлик бўйича таъминот корхонасининг “Электрҳисоб” дастуридан истеъмолчилар рўйхати шакллантирилганда 25,2 миллиард сўмлик асоссиз, яъни ушбу қарздорликларнинг айнан қайси истеъмолчилардан ундириш лозимлиги имконияти йўқлиги аниқланган.

Шунингдек, августь ойида электр энергияси бўйича ўтказилган хатлов давомида жами 3,6 миллиард сўмлик нореал ва асоссиз қарздорлик аниқланиб, тегишли тартибда хатлов далолатномалари расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, 706 нафар истеъмолчининг ҳисоблагичлари замонавийларига алмаштирилган. Аммо трансформаторларга концентратор ускунаси ўрнатилмаган ҳамда дастурий маҳсулга боғланмаган. Оқибатда ушбу истеъмолчилар қанча электр энергияси истеъмол қилганлиги тўғрисида автоматик тарзда маълумот олиш имконияти яратилмаган. Ўрганишлар давомида ушбу камчиликлар ишчи гуруҳ томонидан бартараф этилганлиги натижасида 2,5 миллиард сўмлик қарздорликлар қисқартирилган.

Аниқ қарз сўзсиз ундирилади

Жорий йилнинг август ойида электр энергиясидан фойдаланиб, 372,2 миллион сўм қарз бўлган 782 нафар жисмоний ва юридик шахсларга талабномалар юборилиб, 239 миллион сўм миқдорда маблағ ундирилган.

Бундан ташқари, 32 нафар истеъмолчи 49,2 миллион сўм қарздорлигини ўз вақтида бартараф этмаганлиги учун тармоқдан ажратилган.

Улгуржи истеъмолчилардан 683 нафарининг 2,1 миллиард сўмлик қарздорлиги бўйича банк ҳисоб рақамларига инкасса топшириқномалари киритилган.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлиги сабабли 28 нафар ҳуқуқбузарлардан маъмурий жарима ундириш ҳақида қарор қабул қилинган.