Кўзлари рентген одамлар
Юлия Федеровна Воробьевани мўъжиза одам деб аташади. У нафақат одамлар организми ички аьзоларини аниқ кўради, балки уларни қўли билан даволайди, бунинг устига башорат қилади.
Ҳаммаси 1978 йил 3 март кунидан бошланди. Ўша куни 37 яшар кранчи Донецкдаги Петровский номидаги шахтада сменада ишга киришди. У кран зиналаридан кўтарилди, ўрнига ўтириб дастакни ушлаганини билади, бирдан чақин чақнаб, даҳшатли чарсиллаган товушдан кабина чўғ бўлиб кетди. Кейинчалик аниқланишича, Воробьевани 380 вольт кучланишли ток урган экан.
Қорайиб кетган аёл танасини чойшабга ўраб, ўликхонага олиб кетишди. Уйда дафн маросимга тайёргарлик бошланди. Аммо ўлган деган аёл уч кундан сўнг кўзини очди. Амалиёт ўтаётган талаба жасаднинг жимжилоғини кесиш топшириғини олганди. У бармоқчага наштар урган заҳоти қон оқа бошлади ва “ўлик” ингранди. Тирилган аёлга биринчи гуруҳ ногиронлиги беришди.
Собиқ кранчи тун бўйи оғриқдан инграниб чиқар, ток ўргандан кейин кўр бўлиб қолганди. Бироқ вақт ўтиши билан аста-секин кўра бошлади. Лекин бу бошқача эди. Юлия одамларни ички аъзоларини ҳам аниқ кўра бошлаганини дарров идрок қилолмади.
Юлиянинг қобилияти билан олимлар қизиқиб қолишди. Киев ядро тадқиқотлари институтида уни қоронғу хонага ўтказишиб номерланган икки мингта ячейкалардан қайси бирида инсон кўзига кўринмайдиган лазер нури йўналтирилганини айтишини сўрашди. Эксперимент чоғида Юлия бирор марта адашмади.
Иккинчи синов Швейцарияда бўлди. Парапсихологларнинг Бутунжаҳон конгрессида синаб кўрилаётганлар ичида фақат Юлия деҳқон кимсада туғма иллат борлигини аниқ айтиб берди. Юлиянинг кўзларини текшириб кўришди, у мутлақо кўр эди. Врачлар ҳайратдан донг қотиб қолишди.
1990 йилларда хориж ОАВ Саранскидан россиялик ўқувчи Наташа Демкина оддий кўз билан инсон ички аъзоларини рентген ёки УЗИ дан ҳам аниқ кўриши ҳақида ёзишди. Шу-шу, Наташа Демкинадан ўзларини кўриб қўйишни илтимос қилувчилар тирбанд бўлиб кетишди. У мижоз ички аъзоси, масалан, жигар, юрак, ўпка, буйрак кўринишини тасвирлаб берар, шунга қараб шифокорлар дарҳол улар соғ ёки хасталигини билиб олишарди.
2004 йилда 17 ёшга тўлган қизни Буюк Британияга таклиф қилишди. Уни автомобиль ҳалокатига учраган репортёр Брайсни Уорден ҳузурига олиб киришди. Наташа кириши билан Брайсни қиз яхшилаб кўриб қўйсин деб ўрнидан амаллаб турди. Наташа кўз қорачиғи кенгайиб, у бир-икки дақиқа ҳушсиз ҳолатга тушди. Сўнгра ўзига келиб Брайснининг бели пастида тўртта синиқ борлигини айтди. Яна икки жойида суяк металл қисқич билан маҳкамлаб қўйилганини айтганда врачлар ҳайрон қолишди.
Ҳақиқатан ҳам бир неча кун аввал Брайсни операция қилиниб, синган суяклар металл қисқичлар билан маҳкамлаб қўйилганди. Ҳайратда қолган шифокорлар бу қанақа каромат, дея Наташани синчиклаб текшириб кўришди ва унда бошқалардан фарқ қиладиган бирорта хислатларни кўришмади. Кўзлари ҳам оддий одамларникидек. Хўш, унда Наташа одамлар ички аъзоларини қандай қилиб кўради? Шифокорлар ҳайрон бўлиб елка қисишади.
Т.Шомуродов тайёрлади.