Кучли шамол сабаб Самарқанд вилоятида 141 та хонадон вақтинча газсиз қолди

Жорий йилнинг 27 апрель куни кечқурун Бухоро вилоятида содир бўлган кучли шамол ва ёмғир оқибатида газ қувурлари ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектларида 120 дан ортиқ авария ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди “Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати.

Хусусан, “Шофиркон-1”, “Шофиркон-2”, “Пешку-1”, “Пешку-2”, “Ромитан-2”, “Ромитан-3”, “Ромитан-4”, “Жондор-1”, “Известковый”, “Ғиждувон” каби газ тақсимлаш станциялари (ГРС) ва “Ғиждувон”, “Олот” ва “Қоракўл” каби йўналишлар фавқулодда ўчирилган.

138 мингдан ортиқ хонадон вақтинча газ таъминотидан узилган. Жумладан, Навоий вилоятининг Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана туманларида 21 557 та, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 6100 та, Бухоро вилоятининг Бухоро, Когон, Ромитан, Пешку, Ғиждувон, Шофиркан, Қоровулбозор, Вобкент, Жондор, Қоракўл ва Олот туманларида 110 490 та, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон, Нарпай туманларида 141 та хонадон вақтинча газсиз қолди.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ҳудудлардаги таркибий бўлинмаларининг тезкор тиклаш гуруҳлари табиий офат сабабли зарар етган жойларда таъмирлаш ишларини бошлаб юборишди. Ҳудудлар кесимида аҳолига табиий газ етказиб беришни қайта тиклаш тўғрисидаги маълумот қўшимча равишда тақдим этилади.

Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ аҳолидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишни, газ таъминоти тизимида носозликлар, газ сизиб чиқиши ёки бошқа фавқулодда вазиятлар аниқланганда, дарҳол авария-диспетчерлик хизматининг 104 ёки 1104, 71 200-08-04 рақамларига хабар беришларини сўраган.