Кун қаҳрамонлари ёнимизда, беморлар қошида
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг нейрореаниматологи Тангриберган Юсупов 20 йилдан буён машаққатли, аммо масъулиятли касбда ишлаб юзлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.
Т.Юсупов 2001 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини тугатган. 2008 йилдан бошлаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида нейрореанимация бўлимида меҳнат қилмоқда.
Айни пайтда тажрибали шифокор карантин марказига айлантирилган Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 2-клиникасида беморларни даволамоқда. Карантиннинг 2-босқичида шифохонада ётган 142 нафар беморнинг 18 нафари реанимация бўлимида саломатлигини тиклаяпти.
- Шифокорнинг асл мақсади беморларни дарддан фориғ қилиб, оёққа турғазишдан иборат, - дейди «Соғлом турмуш» медали билан тақдирланган Т.Юсупов. – Пандемия бошлангач, кўпчилик ваҳимага тушиб қолди. Зудлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида коронавирус аниқланган беморлар карантинга олиниб, даволаш ишлари бошланди. Баъзида нафақат беморларга, балки уларни даволашга чоғланган шифокорларга ҳам қийин бўлди. Лекин кўрилаётган чоралар, беморлар ва тиббиёт ходимларига бўлган эътибор ўз самарасини бермоқда.
Тажрибали шифокор Т.Юсупов ҳам бошқа ҳамкасблари сингари карантиннинг биринчи босқичида беморларни даволашдаги иштироки туфайли 25 миллион сўм билан рағбатлантирилди.
- Меҳнатимизга яраша муносиб рағбат кўрсатилиши янада самарали меҳнат қилишга ундамоқда, - дейди шифокор. – Шунингдек, уйимиздан, оиламиздан ҳам кўнглимиз тинч.
***
Президент фармони билан мукофотланган вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг 8 нафар тиббиётчиси орасида инфекционист-реаниматолог Қаюм Холиқов ҳам бор.
У 2010 йилдан буён вилоят юқумли касалликлар шифохонасида врач реаниматолог, 2014 йилдан реанимация бўлими бошлиғи.
- Шифокорлик масъулиятли касб, - дейди «Соғлом турмуш» медали соҳиби Қаюм Холиқов. - Ҳар бир қарорингиз ортида инсон ҳаёти ётади. Айниқса, реанимация бўлимида. 21 мартдан буён коронавирус билан курашяпмиз. Бугун беморлар, халқимиз олдидаги масъулиятимиз икки карра ошди. Сўнгги пайтларда оғир беморлар сони кўпаяётгани туну кун ишлашни талаб этяпти. Уларнинг ҳар бири алоҳида эътибор ва парваришга муҳтож. Бемор касалхонага тушкун аҳволда келади. Уларга биринчи ёрдам кўрсатиб, даволаш билан бирга, касалликни енгишга ишончини уйғотишимиз лозим. Беморларнинг “Мен яхшиман”, деган сўзини эшитиб, бебаҳо бойлик топгандек бўламиз. Кунига 12 соатлаб, баъзан 16-18 соатлаб махсус кийимда ишлашимизга тўғри келяпти. Иссиқ кунларда бу ноқулайлик туғдирса-да, ўзимизнинг, фарзандларимизнинг, яқинларимизнинг саломатлигини ўйлаймиз.
Албатта, бугунги пандемия шароитида инфекция билан курашиш уларнинг бурчи, аммо рағбат бу бурч масъулиятини икки баробар оширади.
Дилмурод Тўхтаев,
Насиба Жонтўраева.