Кундалик: Масофавий таълимда талабалар ҳаётидан бир кун

Карантин сабаб Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида 2020 йил 1 апрелдан бошлаб талабалар учун масофавий таълим асосида ўқиш ташкил қилинди.
Мана қарийб икки ой давомида онлайн равишда масофавий таълим платформаси Moodle LMS тизими асосида профессор-ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.

Ушбу давр мобайнида ўқитувчилар иститутнинг дастурчи-муҳандислари ёрдамида электрон таълим платформасидан фойдаланишни ўрганишди. Фанларнинг электрон ўқув ресурслари таълим платформасига жойлаштириб борилди. Ҳар кун ўқитувчилар Moodle LMS тизими орқали ўзига бириктирилган фанларга кириб, ўқув ресурсларга янги маълумотларни, оралиқ, якуний назорат саволларни бириктириб, вебинарлар ўтказиб, талабалар томонидан бажарилган амалий вазифаларини текшириб, баҳолаб бормоқда.

Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари олий таълим муассасаларипрофессор-ўқитувчилари учун яратилган масофавий курсларда “Инглиз тили”, “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари” курсларини ўтиб, малакаларини ошириб бормоқда.
Институтда таҳсил олаётган талабалардан мулоқотнинг янги шакли ҳақидаги таассуротлари ва ўзини яккалаш ҳаёт тарзида бўш вақтларини қандай тўлдираётганликлари ҳақида сўрадим.

Сожида Қобулова, сервис ва туризм факультети талабаси:
- Биласизми, дастлаб мен масофавий ўқишга ўтиш зарурлигига шубҳа билан қараган эдим. Қандай қилиб эрталаб институтга бормасдан, уйда ўқиш мумкин? Аммо бир ҳафтадан кейин муаммолар камайиб, аста-секин ушбу тартибга ўтдим. Мен телефонда moodle mobil иловасини юклаб, тизимга кириб фанлардан берилган вазифаларни бажара бошладим. Аммо баъзи қийинчиликлар мавжуд, айрим ҳолларда фан мавзуларини тушунмайман. Лекин ўқитувчилар бизга маълумотларни иложи борича аниқроқ етказишга ҳаракат қилади. Агар талабалар учун бирон бир нарса тушунарсиз бўлса, улар Zoom, Skype ёки электрон почта орқали саволларимизга жавоб беришади.

Ярослав Строев, иқтисодиёт факультети талабаси:
- Ўзини яккалаш шароитида ҳам ўз ҳаётимни турли хил тадбирлар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпман. Ўтган ойдан буён фанлардан бўладиган олимпиадаларга пухта тайёргарлик кўрдим. Шунинг учун ҳар куни фанлардан берилган амалий машғулотларни, тестларни имкон даражасида бажаришга киришдим. Қоида тариқасида эрталаб тахминан бир соат спорт билан шуғулланаман.
Одатда кечқурунлари вақтимни дўстларим билан видеоконференция орқали мулоқот қилишга бағишлайман. Маслаҳатим, вақтингиз ва ҳаттоки, хоҳишингиз бўлмаган нарсага эътибор беринг.
Дангаса бўлманг, мавжуд вазиятни ўзингизнинг фойдангизга йўналтиришга ҳаракат қилинг!

Сардор Жўраев, банк-молия хизматлари факультети талабаси:
- Бу янги тажриба бўлиб, унда иштирок этиш жуда қизиқ. Айрим кунлар Moodle LMS тизимига кириб, фанлардан мавзуларни ўзлаштиришни бошлашдан беш дақиқа олдин уйғонганимда кулгили ҳолатлар рўй беради, тизза билан зинадан пастга тушиб, тишларимни ювишга зўрға улгураман.

Ўқитувчилар билан Zoom дастури орқали дарсларни муҳокама қиламиз, баъзан орқа фонда ота-онамиз биз билан бирга маърузаларни тинглайди ва улар ҳам жуда қизиқиш билдиришади. Лекин институтда дўстлар қуршовида, аудиторияларда ўқитувчиларнинг бизга дарс ўтиши барибир бошқача.

Уйда бўш вақт бироз кўпроқ бўлганлиги учун мен тўхтамасликка ва ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан. Ота-онамга ҳам маънан, ҳам жисмонан ёрдам бериб, гулларни суғораман, экинларни экаман.

Мадина ИБРАГИМОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институт ўқитувчиси.