Литва делегацияси Самарқандда
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Литва Сейми спикерининг ўринбосари Ирина Шяулене бошчилигидаги делегация 27 февраль куни Самарқанд шаҳрида бўлди.
Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кейинги пайтда ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бу жараёнда икки мамлакат минтақалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш томонлар учун манфаатли бўлиши қайд этилди. Хусусан, туризм соҳасида ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш бўйича таклифлар билдирилди. Меҳмонлар Самарқанд шаҳрида иш бошлаган “Таълим ва мутахассислик” XIV халқаро кўргазмасида иштирок этди.
– Биз янги Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кучайтиришни мақсад қилганмиз, – дейди Ирина Шяулене. – Ўтган йили Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиё бўйича янги стратегия қабул қилинди. Бунда Ўзбекистоннинг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон ёшлари Европа олий таълим муассасаларида, хусусан, Литвада ўқиши, малака оширишлари учун кенг имкониятлар мавжуд. Мазкур йўналишда Тошкентда ўтказилган тадбирларда Литва давлатидан 4 та университет масъуллари иштирок этганди. Ҳозиргача иккита университет билан шартнома ва меморандум имзоланди. Олий Мажлис Спикери ўринбосарлари, Ўзбекистон олий ва халқ таълими вазирликлари, Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан келгуси ҳамкорлик бўйича фикр алмашдик. Нафақат таълим соҳасида, балки савдо-иқтисодий соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилишни режалаштиряпмиз.
Литва делегацияси Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар билан ҳам яқиндан танишди. Юртимиз тарихида алоҳида ўрин тутган темурийлар даври маданияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ.