Афғонистон делегацияси Самарқандга келди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Афғонистоннинг Муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди.

Делегация аъзолари Ўзбекистон Републикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исмат Иргашев ҳамроҳлигида Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Жумладан, айни пайтда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуасига ташриф чоғида буюк муҳаддис ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Меҳмонларга мажмуада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўн минг кишилик янги масжид-мажмуада зиёратчилар учун яратиладиган шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг Амирхон Муттақий Ўрта Осиёдаги илк масжид деб қараладиган Ҳазрати Хизр масжиди, шунингдек, Хўжа Дониёр ва Амир Темур мақбараларини зиёрат қилди. Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида улуғ аждодларимиз ақл-заковати маҳсули бўлган тарихий ашёлар ва расадхонани томоша қилди.

Алишер Исроилов.